Тартибсизликлар Қозоғистонга қанчага тушгани маълум бўлди
Олам
−
23 Январь 2022
17434
Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар оқибатида кўрилган зарар 313,6 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда "Интерфакс" хабар берди.
Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш агентлиги берган маълумотларга кўра, давлат органларига етказилган зарар 54,6 миллиард тенге (125,1 миллион доллар)ни, 1923 та тадбиркорлик объектига етказилган зарар 82,2 миллиард тенге (188,4 миллион доллар)ни ташкил қилган.
Бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар пайтида 351 та объект, жумладан 45 давлат биноси ва 306 тижорат объекти зарар кўрган. Саккизта ҳудуд: Олма-ота ва Чимкент шаҳарлари, шунингдек, Олма-ота, Жамбил, Қизилўрда, Атирау, Ақтўбе ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида бинолар зарарланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарар кўрган биноларни таъмирлаш ва тиклашнинг умумий қиймати 28,8 миллиард тенге (66 миллион доллар)ни ташкил этади. Уларнинг орасида Қозоғистон раҳбарининг Олма-отадаги қароргоҳини тиклаш учун кетадиган харажатлар йўқ. Бино Президент маъмурияти томонидан реставрация қилинади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
LiveБарчаси