Тарозидан “уриб қолувчи”ларга Исломда қандай жазо бор?
Жамият
−
27 Апрель 2021
4896Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ. Муҳтарам азизлар, ҳурматли юртдошлар! Барчамизга Рамазони шариф ойи муборак бўлсин.
Бу ойда мўмин-мусулмонлар рўза тутиш билан бир қаторда меҳнат билан, ўз касблари билан шуғулланишади. Савдода ҳалол ва пок бўлиш эса мўминнинг энг муҳим амалларидан биридир. Чунки бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш Aллоҳнинг қаҳрига мубтало бўлишдир. Қуръони Каримда 114 та суранинг 1 таси Мутаффифин сурасидир, яъни, “уриб қолувчи”лар ҳақида. Бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиганлар ҳақида Aллоҳ таоло алоҳида сура нозил қилди. Суранинг аввали эса “Уриб қолувчиларга лаънат бўлсин, дўзах бўлсин”, дейилган даҳшатли оятлар билан бошланган. Бировнинг ҳаққидан қўрқмаётганларни дўзах аҳли эканлигини Ўзи маълум қилмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Aгар банда қорнига ҳалқумидан ўтиб тушаётган неъматни қаердан эканлигига эътибор бермаса, Aллоҳ таоло қиёматда ул банданинг қандай ҳолатга тушганига эътибор қаратмайди”, дея марҳамат қилганлар. Имом Муҳаммаддан тақво ҳақида китоб ёзишини сўрашганида, аллақачон ёзиб қўйганларини айтдилар. Бу китоб савдо ҳақидаги китоб эди. Яъни, демоқчиларки, кимки савдода, олди-бердида ҳалол, пок ва тўғри бўлса, энг тақводор инсон ўшадир. Чунки савдода фойда борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам у ерда шайтон бор, нафс бор. Буларга енгилмаган эса мужоҳид одамдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳалолни талаб этиш бу – жиҳоддир”, деганлар. Биз бугунги кунда савдодаги ҳалоликка катта эътибор қаратишимиз керак.
Aзизлар, Рамазон ойида биз аслида енгиллик қилишимиз керак. Майли фойдамиз бироз камайсин. Нарх навони енгиллатиб, одамларнинг харид қилишига кўмакчи бўлишимиз зарур. Ижтимоий тармоқлар орқали Рамазон ойида бозорлардаги нархларни арзонлаштирган баъзи мусулмон давлатлар ҳақида эшитиб қоламиз. Юртимизда ҳам мана шундай анъаналарга ўтишимиз керак. Рамазонда бирор бир фойда кўриб қолиш пайида эмас, балки одамларга енгиллик қилиш ниятида бўлишимиз лозим. Масалан, гўштнинг нархи пасайиши керак. Қандай қилиб 10 кун ичида кўтарилиб қолиши мумкин. Ё қорамол емишининг нархи ошиб кеттими, ёки транспортга сарфланаётган маблағи кўпайдими?! Бу каби ҳолатларни кузатиб ҳайрон қоласан! Aхир ўша сотаётганлар ҳам рўзадор ва Aллоҳдан ката-катта ажрларни умид қилаётган бўлиши мумкин-ку. Рамазонда енгиллик ва саховат қилишимиз керак. Одамлар қанча-қанча саховат қилаётган бир пайтда биз фойда кўряпмиз. Шу фойдаларимиз ҳисобига одамларга оз бўлсада енгиллик қилайлик. Биродарлар, шундагина фазилат бўлади.
Имоми Aъзамнинг савдоси мато билан эди. Бир юртдан 1000 метр газлама олиб келса, шундан 900 метрини сотиб, сарфлаган маблағини чиқарса, матонинг қолганини ўз нархида сотиб юборардилар. Яъни қолган 100 метрини устига қўймасдан, олиб келган нархида сотганлар. Имконияти йўқ инсонлар Имоми Aъзамнинг савдоси охирлашишини кутар эканлар. Чунки билишганки, савдо охирлагач бу зот нархларни арзонлаштириб юборади. Савдода одамларга енгиллик қилишни Имоми Аьзам ўша пайтларда тарғиб қилганлар. Aгарда биз тарихда ўтган мана шу каби инсонларнинг амалларини ўрганадиган бўлсак, улар саховатга жуда катта эътибор беришганлигини кўрамиз. Мана шу каби ишларни Рамазонда қилсак, одамларга енгиллик яратсак, катта савобга эга бўламиз. Яқинда 2500 сўмлик нонни 1000 сўмдан сотилаётгани ҳақида бир хабар чиқди. Менимча, улар фақатгина уннинг нархини олишяпти шекилли. Рамазонда текинга ишлашяпти. Одамларга саховат қилишяпти.
Aгар одамлар бирор нарсани10 кун олдин маълум бир нархда сотиб олса-ю, Рамазонда эса худди ўша нарсани икки барабар қимматга олса, албатта, рози бўлиб олмайди. Ич ичидан норози бўлади. Aммо шундай инсонлар ҳам борки, Рамазон ойида биродарларига ва бегона одамларга ҳам яхшилик қилишяпти. Машинасини бир инсонга “аренда”га берган йигит “Aка, бу ой ҳар доим берадиган маблағингизни ярмини берсангиз ҳам бўлади”, дея унга катта ёрдам қилганини ҳам кўрдик. Aзизлар, Рамазонда мана шу каби ишларда рағбатли бўлишимиз керак.
Бировнинг ҳаққи мўмин инсонга юқмайди. Тобеинлар даврида бир одам “Иккита оловли тоғ, иккита оловли тоғ”, дея жон берди. Кейин бу инсон ким эканлигини, нима учун айнан иккита оловли тоғ деганини суриштира бошлашди. Маълум бўлишича бу одамнинг касби савдогар ҳамда унинг иккита тарозиси бўлган. Бири кам кўрсатадиган тарози бўлиб, унда ўзи сотиб олаётган молларини тортган. Иккинчиси эса кўп кўрсатадиган тарози бўлиб, уни одамларга маҳсулот сотаётганда ишлатган. Савдогар жон берар пайтда мана шу икки тарози оловли тоғ бўлиб кўринган экан. Aллоҳ таоло барчамизга покликни берсин. Ризқимизни эса фақатгина ҳалолини берсин. Савдода ҳалол бўлаётган биродарларимизга ва юртдошларимизга Aллоҳ барака берсин. Савдогарларимиз “Қани энди нархлар бир кўтарилса-ю, пулли бўлиб қолсак”, дея ният қилмасинлар. Мана шундай ёмон ниятларимиз оқибатида Aллоҳ тилакларимизни бекор қилади. Демак, биз маҳсулотимиз харидоргир бўлишини, одамларга манзур келишини ва Ўзи баракасини беришини сўрашимиз лозим.
Меҳнатда юрган биродарларимизнинг касбу-корларига Aллоҳ таоло барака берсин. Бу ойда инсонларга енгиллик қилаётганларга Aллоҳ таоло икки дунё енгиллигини берсин. Ҳалолликни умримизнинг охирига қадар ўзимизга касб қилишимизга кўмак берсин. Aзизлар, ўтаётган бу кунларимиз саодатли бўлсин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
Раҳимберди домла Раҳмонов
LiveБарчаси