Танзила Норбоева БМТ комиссияси сессиясида нутқ сўзлади

Жамият 2133
image
-

Шу кунларда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиянинг 65-сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Сессияда аъзо давлатлар, БМТ тузилмалари ва Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашда аккредитациядан ўтган дунёнинг турли мамлакатларидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Сессиянинг дастлабки иш кунларида хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Жорий йилда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига раислик қилмоқда. Сессияда Мулоқот номидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева видеомурожаат билан сўзга чиқди.

Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатлари инклюзивлик тамойилларига асосланиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларга нисбатан зўравонлик ва камситишга йўл қўймаслик, қарорлар қабул қилиш жараёнларида уларнинг иштирокини таъминлаш борасида катта муваффақиятларга эришилди.

Бундан ташқари, сўнгги 20 йилда Марказий Осиё минтақасида миллий парламентлардаги хотин-қизлар улуши икки мартаба кўпайган.

Танзила Норбоева хотин-қизларга моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича самарали чоралар кўриш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш масалалари минтақа мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг диққат марказида эканини ҳам қайд этган.

“Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Давлат ва жамият ишларини бошқаришда аёлларнинг роли тобора ошиб бормоқда. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича махсус комиссия фаолияти йўлга қўйилди. Сенатда ҳам шу мақсадда фаолият юритувчи алоҳида қўмита мавжуд. Яқинда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилди. Кейинги тўрт йилда аёллар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 26 қонун ҳужжати қабул қилинди. 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенгликни таъминлаш бўйича стратегия тасдиқланди. Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Натижада уларнинг жамиятдаги ўрни ва роли ошиб бормоқда. Масъул лавозимларда иш юритаётганларнинг 26 фоизини аёллар ташкил этади. Парламентдаги аёллар сони икки баробар ошди. Бу борада Ўзбекистон 190 мамлакат ичида 37-ўринни забт этган”, деди Танзила Норбоева.

Сессия доирасида доимий ваколатхоналар, ҳукуматлараро ташкилотлар ва БМТ бўлинмалари томонидан параллел тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиянинг 65-сессияси 2021 йил 26 мартгача давом этади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3
t
×