“Тангем” ўзи иштирокидаги янги сериални Ўзбекистонга ҳадя этди

Маданият-санъат 17369
image

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туристик бренд элчиси, машҳур “Сарой жавоҳири” телесериалидаги Тангем роли ижрочиси Ли Ён Э ўзи иштирокидаги янги сериални Ўзбекистонга ҳадя қилди. 

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туристик бренд элчиси, таниқли актриса Ли Ён Э ҳамда “GroupEight” компанияси раиси Бьёнг Жун Сонг билан учрашув бўлиб ўтган. 

Учрашувда актриса бутун дунёдаги коронавирус билан боғлиқ пандемия сабаб апрель ойида Ўзбекистонга кела олмаслигини афсус билан қайд этиб, COVID-19 билан боғлиқ вазият нормаллашганидан сўнг продюсер Бьёнг Жун Сонг билан, албатта, Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилган. Актриса Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишишни мақсад қилгани, шунингдек мамлакат туристик брендини тарғиб қилишда давом этишини алоҳида таъкидлаган. 

Учрашув давомида Ли Ён Э Ўзбекистон халқига ўзи бош ролни ижро этган “Саимдан, ранг-баранг хотиралар” номли телесериалини беминнат асосда ҳадя қилган. Актриса ушбу сериал айни дамда аксарият вақтини  уйда ўтказаётган Ўзбекистон аҳолисига вақтни мазмунли ўтказишига ёрдам беради дея умид билдирган.  

Маълумот учун: “Саимдан, ранг-баранг хотиралар”  Жанубий Кореянинг 30 серияли драмаси бўлиб, кореялик машҳур мусаввир, хаттот ва шоира Шин Саимдан (1504-1551) ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Корея Республикасининг 50 000 вон номиналли энг йирик банкнотасида унинг тасвири акс эттирилган. Мазкур сериал 2017 йилда Жанубий Кореянинг “SBS” телеканалида эфирга узатилган. Шундан сўнг Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия, Таиланд ва бошқа мамлакатлар телекомпаниялари уни (ўртача 3 млн АҚШ доллари эвазига) трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 530
Рейтинг: 3
Теглар
t
×