Тана ҳаракатлари тилга кирганда: Путин ва Байденнинг ўзини тутиши нима ҳақида сўзлайди?

Олам 30176
image

Хабарингиз бор, бугун, 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Жо Байден ҳашаматли Ла Гранж қасрида ёпиқ эшиклар ортида уч соатдан ортиқ музокара олиб борди.

Ушбу махфий суҳбатлар бошлангунга қадар, Байден ва Путин жаҳон ОАВнинг объективига тушиб улгурди. Қуйида икки Президентнинг хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши ва кийинишидан суҳбатдошига берган сигналларини ўқишга ҳаракат қиламиз. 

Замонавий одоб-ахлоқ қоидалари ва ишбилармонлик протоколи бўйича бир қатор мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу суратда акс этганидек Путин ва Байденнинг бу тарзда қўл сиқиши мулоқотга тайёрлигини намойиш этмоқда.

Яна шуни қўшимча қилиш керакки, Байден қўл бериб кўришганидан сўнг, қаср ичидаги йўлакка ишора қилган. Бу эса АҚШ Президенти музокараларни бошлаш истагида эканидан далолат.

Россия Президентининг ўтириши ўзига бўлган ишончни акс эттиради. АҚШ Президенти эса, аксинча, ўзини унчалик ҳам қулай ҳис қилмаётганга ўхшайди.

Ҳатто аксессуарлар ҳам маъно касб этади. Суратда кўриниб турганидек, Путин танлаган классик бинафша рангдаги бўйинбоғ қатъиятдан далолат. АҚШ Президенти танлаган ёрқин рангдаги бўйинбоғ эса, эҳтимол суҳбатдошни ўзига жалб қилиш истагини билдиради.

Яна бир нозик ҳолатни қайд этиш керакки, Путин-Байден саммитида икки давлат раҳбарларининг курсилари орасидаги гуллар 2018 йилда Путин-Трамп саммитидаги гулларга ўхшайди.

Женева саммити учун ясалган гулларда ҳам ўзига хос маъно бор. Яшил ва оқ рангдаги гулдасталар нейтраллик ва босиқликни ўзида акс эттиради.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1213
Рейтинг: 3
t
×