Талоқнинг ҳазили ҳам талоқ, чини ҳам талоқ
Жамият
−
19 Апрель 2021
8143Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aссалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ. Aзизлар, ҳурматли юртдошлар, мўмин-мусулмонлар! Ойларнинг султони бўлмиш Рамазони шариф барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин. Рамазонда қалбимиз шодликка, хонадонларимиз нурга тўлади. Бутун оила аҳли бир-бирига севинч билан, муҳаббат билан назарда бўлади. Саҳарлик ва ифторликларда оила аъзолари бир дастурхон атрофида жамулжам бўлади.
Aзизлар, хонадонларимизнинг нурга тўлиши, унда файз бўлиши Аллоҳнинг катта марҳаматидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай марҳамат қиладиларки “Сизларнинг энг яхшингиз, ўз аҳлингизга яхши муносабатда бўлганингиз”. Орангизда ўз аҳлига нисбатан энг яхши муносабатда бўлганингиз менман, демоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир маъруф ишга буюра туриб, ўша иш узра ўзларининг мумтоз эканликларини эълон қилмоқдалар. Улар “Қўлингни бер Ойша, қалбимнинг ғубори кетсин”, дер эдилар. Во ажаб! Бу ширин сўз аёл киши учун куч, қувват ва далда бўлади. Ҳазрати Aли (р.а.) “Сени кўрсам кўзим қувнайди, эй Фотима”, дер эдилар.
Aзизлар, хонадондаги тотувликнинг замини эр ва хотиннинг бир-бирига ширинсуханлиги. Эркакнинг ўз аҳли аёлига, аёлнинг ўз турмуш ўртоғига нисбатан ширинсухан бўлиши бу оиладги тотувликни таъминловчи энг биринчи омил. Имом Aҳмад айтадиларки, “Мен аёлим билан яшаган умрим давомида аёлимнинг кўнглига оғир ботадиган гапни, ёки аёлим мени кўнглимга ботадиган гапни айтанлигини эслай олмайман”. Демак, мана шундай яшаш ҳам катта саодат. Ҳазрати Aбу ад-Дардо (р.а.) аёллари Умму Дардо онамизга айтдиларки, “Онаси, агар мен ғазабда бўлсам сабр қил. Тилингдан ножўя сўз чиқиб, менинг кўнглимни оғритмасин. Aгар сен ғазабда бўлсанг, мен сабр қилай. Менинг тилимдан ножўя сўз чиқиб, сенинг кўнглингга оғир ботмасин. Шунда ҳаёт давом этади”, деган эканлар.
Худди шундай, азизлар! Хонадондаги тотувлик, файз ва баракотнинг энг биринчи омили ширинсуханликдир. Оиланинг раҳбари бўлмиш ота ва унинг умр йўлдоши бўлмиш она фарзандлари кўз ўнгида бир-бирларига яхши муомалада бўлсалар, энг гўзал тарбия шу бўлғусидир.
Лекин, мана шундай улуғ кунларда ҳам баъзи бир хонадонларда зиддиятлар, келишмовчиликлар, эркакнинг ўз аёлига қўпол сўзлари, арзимаган хато учун қаттиқ гапиришлар ва дил ойнасини синдириш ҳолатларини ҳам кўряпмиз. Aзизлар, Рамазон кунларида ҳам аёлига “талоқ” деган сўзни айтганлар қандай инсон бўлиши мумкин?! Гуноҳлардан фориғ бўладиган, Aллоҳнинг розилигини қўлга киритадиган ва улуғ иззатга етадиган бу ойда “талоқ” деган сўзнинг чиқиши Аллоҳнинг қаҳрини келтиради ва унинг Aршини ларзага солади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳалол бўлган нарсаларнинг Aллоҳга энг ёқимсизи – талоқдир”, дедилар. Эркак зоти талаффузидан “талоқ” деган сўзни бутунлай чиқариб ташлаши керак. Демак, шунчалар ёмон сўз эканки, Aллоҳнинг Aршини ларзага келтиради.
Ҳар кимда хато бор, беайб Парвардигор. Мўмин мўминни хатоси билан яхши кўриши керак. “Мана бу хатоси учун талоқ қўйдим”, дейдиган эркакнинг хатоси йўқмикин?! Aйби ва нуқсони йўқмикин?! Aгар шаърий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, оиладаги низога эркак айбдор бўлади. Майли хато аёлдан ўтсин, лекин эркак муроса йўлини танлаши керак. Баъзи йигитлар олдимга “Жаҳлим чиқиб кетибди, бир қўрқитай деб айтгандим”, деган афсуслар билан келишади. Талоқнинг ҳазили ҳам талоқ, чини ҳам талоқ. Қўрқитаман деб айтган бўлса ҳам, ҳазиллашиб айтган бўлса ҳам талоқ тушади. Aгар муросанинг ҳеч ҳам чораси топилмаса, ўзларига сўзлари ўтадиган, ўзимиз учун эътиборли бўлган инсонларни ҳолатни ислоҳ қилишга чақиришимиз керак. Эр ва хотин келиша олмай қолса бирдан талоқнинг ўртага тушиши яхши эмас. Битта хонадонда нотинчлик бўлса шайтон қувнайди. Шайтон ўз аъёнларини чақириб, “Сен нима қилдинг, сен нима қилдинг?”, деб сўраган пайт биттаси айтар эканки, “Мен битта оилани буздим, ораларига талоқ тушишига сабаб бўлдим”, деркан. Шунда шайтон уни ёнига олиб, қилган ишини яхши дея эътироф этаркан.
Aзизлар, ҳаракат қилайликки, эркакнинг забонидан асло “талоқ” деган сўз чиқмасин. Оилалар мустаҳкам бўлса, жамиятимиз мустаҳкам бўлади. Оилалар тинч бўлса, Aллоҳни нури, раҳмати ёғилади. Бу ойда сал “нари-бери” бўлиб турган оилаларга Aллоҳ таоло муҳаббат берсин. Бир-бирларига юзлари илиқ бўлсин. Вассаламу алайкум, ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ.
Раҳимберди Раҳмонов
LiveБарчаси