Талатўплардан қутулган Тўқаев Путин ҳузурига боради
Олам
−
08 Февраль 2022
5810Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт-Тўқаев жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Россияда бўлади. Бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилган.
Матбуот котибига кўра, 10 февраль куни Тўқаев Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказади.
Жорий йилнинг 11 февраль куни эса Қозоғистон раҳбари Қозонда Татаристон Президенти Рустам Минниханов билан учрашади ва республиканинг қатор йирик саноат корхоналарига ташриф буюради.
Айтиш жоизки, бу Қозоғистонда январь ойида бўлган намойишлардан сўнг, Президент Тўқаевнинг хорижга биринчи расмий ташрифи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий январь ойида Қозоғистондаги намойишлар давом этаётган вақтда Тўқаев мамлакатга “террорчилик таҳдид” солаётгани сабаб КХШТдан ёрдам сўраганини маълум қилганди. 5 январдан 6 январга ўтар кечаси эса КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси “коллектив тинчликпарвар кучлари” Қозоғистонга юборилганини айтди.
КХШТ кучлари Қозоғистонда 7 кун давомида бўлиб, 13 январь куни эса КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
КХШТ кучлари Қозоғистонга кириши ортидан Тўқаев Владимир Путиндан қарздор бўлиб қолди деган гаплар тарқалди. Бироқ Тўқаев “Хабар 24” телеканалига берган интервьюсида Путин билан ораларида ҳеч қандай қарздорлик ҳақида гап бўлмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь