Талабалар кўплиги, ўқитувчи ва аудитория етишмаслиги... Олий таълим нега ҳамон сифатсиз?
Жамият
−
27 Ноябрь 2021
4271Олий таълим муассасаларида таълим сифатининг пастлиги жуда катта муаммо бўлиб қолмоқда. Сифатнинг яхшиланмаётганига талабалар сонининг ошгани ҳам сабаб бўла олади. Агар олий таълим тизимидаги ўқув дастурлари ўзгармаса, таълим сифати ўзгармайди. Бу ҳақда кеча, 26 ноябрь куни олий таълим “Коррупциясиз соҳа” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов таъкидлади.
“ОТМларда таълим сифати жуда катта муаммо, буни яширмаймиз. Сўнгги 3-4 йил ичида талабалар сони 3,5 баробарга ошиб кетди. Ҳозирга келиб, ўқитувчининг ўзини топиш муаммо бўлиб қолди. Яна бизни қийнайдиган масалалардан бири, аудитория етишмаслигидир”, дейди вазир ўринбосари.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозир Олий таълим вазирлиги таълим сифатини яхшилашни ўзининг асосий вазифаси этиб белгилаган. Вазир буйруғи билан катта ичши гуруҳ тузилган. Барча ўқув йилидаги иш режа ва дастурлар қайта кўриб чиқилмоқда.
“Ўзимиздаги ўқув режа дастурларида жуда катта муаммо бор. Ўқув режа дастурларининг баъзилари, афсуски, домла учун тузилган. Яъни иқтисод учун эмас, иқтисодиётимизда мана шу касб кераклиги учун эмас, ўқитувчининг ишсиз қолиб кетмаслиги учун битта дарс қўшиб қўйиш мақсадида тузилган. Биз мана шуни жиддий таҳлил қиляпмиз. Барчаси қайта кўриб чиқилади. ўқув режа дастурларини ўзгартирмасак, сифат ўзгармайди. Иккинчидан хорижда ўқиб келган ватандошларимизни ОТМларга жалб қилиш бўйича ҳам қаттиқ ҳаракат қиляпмиз”, деди Раҳимжон Ҳакимов.
Анжуманда таъкидланишича, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, профессионал таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими йўлга қўйилади. Бунда профессионал таълим муассасасининг ўқув, амалиёт, бошқарув, иқтисодий, маркетинг, хўжалик фаолиятлари тўлиқ рақамлаштирилади.
LiveБарчаси