Тахтга тирмашганлар, нархи ошган бензин, Интерпол қидирган ўзбекистонлик “фоҳишалар маликаси” – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Янги йилни жуда яхши, зўр хабарлар билан бошладик: пойтахт Тошкент тугаётган ҳафтада дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳарлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб, деярли Бангладешнинг Дакка шаҳрига етиб олди. Кулманг, бу ҳам катта натижа. Бунга кўплашиб эришдик. Албатта, каттаконларимиз, ҳокимларимиз ва номи улуғ қурувчиларимиз раҳнамолигида эришган бу натижамизни унча-бунча шаҳарлар биздан ҳали-бери тортиб ололмайди. Шаҳарнинг чангга тўлишига сабаб бўлган омиллардан бири – қурилишларнинг энг асосий намуналари – ўша “Tashkent city”даги бинолар борми ёки 66-йил зилзиласидан кейин қурилган Тошкент телеминораси, чанг ҳавода, ҳатто, кўринмаяпти. “Зато”, бизда “Tashkent city” бор. “Зато”, чанг ҳаво ортидан дорихоналаримизда савдо тинмаяпти. Аллергияга қарши дориларга талаб ортиб боряпти. Бу ҳам ривожланиш, аслида. 

Лукашенконинг ўлиги кўчада қолмайди

Беларусь фуқароси Александр Лукашенкони танийсиз, шу киши яхши одам-да. Эй, яхши эмас, жуда яхши одам. Узоқни кўра олади. Олдиндан башорат қилиш қобилияти бор. Бир пайтлар Ўзбекистон учун ҳам бир нарсаларни башорат қилганди.

Шу йил 70 ёшни қаршилайдиган Лукашенко ўзи юбилейини ўтказадиган 2024 йилни ўзига бағишланган “Президент тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритишдан бошлади. Қонундаги асосий ўзгаришга кўра, Президентнинг ўлиги кўчада қолмайди. Президентни дафн этиш ва хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Агар у нафақага чиқса, ўзининг ва оила аъзоларининг дахлсизлиги, умрбод ҳимояси ва давлат кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқи кафолатланади.

Ўз вазифасини бажаришни тўхтатган президент Бутун Беларусь халқи мажлиси делегати ва Республика кенгашининг умрбод аъзоси бўлиб қолади. Шунингдек, собиқ президент ва унинг оиласи ҳукмронлик даврида содир этилган жиноятлари учун дахлсизлик ҳуқуқига эгадир. Уларга нисбатан процессуал ҳаракатларга ва озодликдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.

Лукашенконинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар шахсан ўзи томонидан амалга оширилмаган, балки конституциявий ўзгаришлар ва “ҳуқуқни қўллаш амалиёти” натижасида қабул қилинган. Қўшимча равишда, у фарзандлари президент бўлмаслигига ваъда берган.

Айни пайтда бу тузатишлар Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг лавозимидан кетганидан кейин муҳим давлат лавозимларини сақлаб қолишга уринишлари билан қиёсланиб, жамоатчилик танқидига сабаб бўлмоқда. Назарбоев 2019 йилда лавозимидан ўз хоҳиши билан кетганига қарамай, 2022 йилнинг январь ойида содир бўлган воқеалар у ўзи президентлиги даврида ўзи учун белгилаб олган кўп имтиёзлардан мосуво бўлишига олиб келди. 

Лукашенко эса Беларусь Республикасини 1994 йилдан буён бошқариб келади ва президентнинг ваколатлари 2025 йилда тугайди, аммо Беларусда президент чексиз ва кўп марта қайта сайланиш ҳуқуқига эга.

Қиролича тахтдан воз кечди

Дания қироличаси Маргрете II тахтдан воз кечди. Уни бунга ҳеч ким мажбур қилмади. Бу ҳақда қиролича кутилмаганда ўзининг Янги йил табрикномасида телевидение орқали маълум қилди.

Шундай қилиб, Маргрете II 52 йиллик ҳукмронликдан сўнг, жорий йилнинг 14 январида тахтдан тушадиган бўлди. 

Қироллик саройи сайтида чоп этилган баёнотида айтилишича, ундан кейин қироличанинг тўнғич ўғли, валиаҳд шаҳзода Фредерик қирол бўлади.

83 яшар онахон Маргрете II 1952 йилда отаси қирол Фредерик IX вафотидан кейин тахтга ўтирган Дания тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилган монархдир.

Британия қироллик анъаналаридан воз кечган ҳолда, 55 ёшли валиаҳд шаҳзода Фредерикнинг расмий тож кийиш маросими ўтказилмайди. Бунинг ўрнига сарой ўша куни унинг тахтга ўтирганини тантанали эълон қилади.

Тўқаев такроран президент бўлмоқчи эмас

Ҳокимият бошқарувидан ўз хоҳиши билан воз кечаётган биргина Маргрете II эмас. Қозоғистоннинг амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам 2026 йилда бўладиган президент сайловига номзодини қўймоқчи эмас. Бу ҳақда Янги йил муносабати билан “Egemen Qazaqstan” газетасига берган шов-шувли интервьюсида айтган. Шунингдек, у қайта сайланиш учун Конституцияга ҳам ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказиши ҳақидаги гап-сўзларни рад этган. 

“Ишончим комилки, конституцияга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритиш, айниқса, бундай фундаментал масала бўйича энди мумкин эмас. Конституциявий ислоҳот асосий қонунга ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш мақсадида амалга оширилмаган”, дейди давлат раҳбари. 

Унга кўра, конституциядаги ягона 7 йиллик президентлик муддати ҳақидаги қоида ўзгаришсиз қолади. Чунки у бу ғояни амалга ошириш учун президент бўлишидан аввал 15 йил курашган. 

Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича охирги референдум 2022 йил 5 июнь куни бўлиб ўтди. Унга кўра, давлат раҳбарининг ваколатлари қисқартирилди, парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг роли сезиларли даражада кучайтирилди, инсон ҳуқуқлари соҳаси тизимли равишда мустаҳкамланди, Конституциявий суд қайта ташкил этилди, ўлим жазоси ниҳоят бекор қилинди, биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мақоми тўғрисидаги моддалар чиқариб ташланди. 

2022 йил янги конституция асосида ўтказилган муддатидан олдин президент сайловида Тўқаев бир марталик 7 йиллик муддатга Қозоғистон президенти этиб қайта сайланди.

Ҳали сизга Қозоғистон, Тўқаев ва Назарбоев ҳақида айтадиганларим кўп. Уларга бироздан кейин тўхталамиз. 

Собиқ судья жиноий жавобгарликка тортилди

Лавозимдан кетгач, нафақат президентларга қийин, балки судьяларга ҳам. Нега дейсизми? Сабабини мен айтай: жорий йилнинг 5 декабрига қадар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида ишлаган собиқ судья ишдан кетиши билан Жиноят кодексининг 165, 208, 230-1 ва 231-моддалари билан жавобгарликка тортилди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, судья лавозимда бўлган даврида у ўз иш юритувида бўлган қурилиш фирмаси раҳбари ва бошқаларни Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айблашга оид жиноят ишини кўриб чиқиши жараёнида ҳокимият ҳаракатсизлиги, далилларни сохталаштириш, адолатсиз ҳукм чиқариш ҳамда товламачилик каби жиноятларни содир этган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

АI-80 маркали бензин нархи ошди

Табриклаймиз-қутлаймиз! 2023 йилнинг 31 декабридан Ўзбекистонда импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлар томонидан сотиладиган AI-80 маркали бензинга нисбатан акциз солиғини "ноль" ставкада қўллаш муддати тугади. 

Президент қарори билан 2022 йилнинг 13 декабридан мамлакатда АI-80 маркали бензинни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш учун акциз солиғи нолга тенглаштирилганди. Мазкур тартиб мамлакатда метан “заправка"ларда бензин етишмовчилиги ва унга талабнинг ошиши сабабли жорий этилиб, 2023 йил 1 мартгача қилиб белгиланган эди.

Кейинроқ имтиёз муддати йил охиригача узайтирилди.

1 январдан бошлаб "Ўзбекнефтгаз" АЁҚШларида  АI-80  бензинининг чакана нархи 1 литри учун 6 800 сўм этиб белгиланди. Бу аввалги нархдан 750 сўмга қиммат дегани. Лекин баъзи жойларда бундан ҳам қимматига учрашингиз табиий. Хўш, сиз яшаётган ҳудудларда бензин нархи билан боғлиқ вазият қандай? Чўнтагингиз кўтаряптими? 

Ўзбекистон “қора рўйхат”га киритилмади

Маълумки, ҳар йили АҚШ давлат департаменти томонидан "Халқаро диний эркинлик" тўғрисидаги қонунга дунё мамлакатларининг қай даражада амал қилиб бораётгани мониторинг қилиб борилади. 2023 йилдаги натижаларга кўра, Ўзбекистон Диний эркинлик борасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмаган мамлакатларнинг “Махсус кузатувдаги мамлакатлар” рўйхатига киритилмади. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Бирма, Хитой Халқ Республикаси, Куба, КХДР, Эритрея, Эрон, Никарагуа, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистонни диний эркинликларнинг айниқса қаттиқ бузилишига тоқат қилган алоҳида ташвишли давлатлар сифатида белгилади. 

Бундан ташқари, Жазоир, Озарбайжон, Марказий Африка Республикаси, Комор ороллари ва Вьетнамни диний эркинликларнинг жиддий бузилишида иштирок этаётгани ёки уларга тоқат қилгани учун махсус кузатув рўйхатига киритди. 

Шунингдек, ал-Шабаб, Боко Ҳарам, Ҳаят Таҳрир аш-Шом, ҳутийлар, ИШИД-Соҳил, ИШИД-Ғарбий Африка, Ал-Қоида бўлими Наср ал-Ислом вал-Муслимин ва “Толибон”ни алоҳида хавотирли тузилмалар сифатида белгилади. 

9 йил қидирувда бўлган экстремист қўлга тушди 

Бошлаган мавзумиздан узоқлашмаймиз. Диний эркинликлар назарда тутиларкан, буни суиистеъмол қиладиган ёки нотўғри талқин қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ўзбекистонда тўққиз йилдан буён қидирувда бўлган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими аъзоси бўлган марғилонлик эркакка суд ҳукми ўқилди. 

Абдуҳодий исмли шахс 2010-2012 йилларда Россия Федерациясида ишлаб юрган вақтида мазкур диний оқим таъсирига тушиб, унинг аъзоси бўлган. Фарғона шаҳрида акаси ва бир қатор шахслардан иборат оқимнинг “жамоати”ни ташкил қилган. Унинг йиғилишларида фаол иштирок этиб келган. 

У 2014 йилда Туркияда бўлиб турган акаси билан ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, унинг даъвати асосида “жиҳодий” урушларда иштирок этиш ва шу йўл билан биродарларига ёрдам бериш мақсадида Россиядан Туркияга борган. У ерда акаси билан бирга оқим аъзоларига маблағ жўнатиб, уларни Сурияга жиҳодга чиқариш билан шуғулланиб келган. Шунингдек, у Москвада ҳам бир гуруҳ ўзбекистонликларни “жамоат” йиғилишларига жалб қилиб, уларни “жиҳод” қилишга даъват қилгани аниқланган. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан у ташкил қилган “жамоат” аъзоларининг уйидан диний оқимга тегишли тақиқланган материаллар далилий ашё сифатида олинган. Туркия полицияси томонидан диний оқим аъзоси қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Суд ҳукми билан унга 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. 

Назарбоевнинг қизи бойлар рўйхатида биринчи бўлди

Бояроқ Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев масаласига қайтамиз, дегандим. Мана, энди сираси келди. Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Кулибоева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибоев яна энг бой қозоғистонликлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.

2024 йилда Тимур Кулибоевнинг бойлиги 4,6 миллиард долларга етди. Унинг турмуш ўртоғи Динара Қулибоевада ҳам шундай маблағ бор. “Forbes” дунё рейтингида эр-хотин 636-ўринни эгаллаб турибди. 

Кулибоевларнинг асосий даромади молиявий бизнесдан келади. Оила “АЛМЭКС” компаниясига эгалик қилади, у мамлакатнинг энг йирик банки Қозоғистон “Halyk Bank”ини назорат қилади. Бундан ташқари, уларнинг активларида бир нечта нефть конлари мавжуд. 

Охирги марта Кулибоев 2018 йилда биринчи ўринни эгаллаган, ўшанда унинг бойлиги 3,2 миллиард долларга баҳоланган эди. Ишонтириб айтишим мумкинки, Динаранинг ҳам, унинг эрининг ҳам шунча бойлиги фақат ва фақат ҳалол меҳнати, пешона тери эвазига келган. 

Икки қўчқор боши бир қозонда қайнамас

Шу ўринда Қозоғистон ва Нурсултон Назарбоев мавзусини давом эттирсак, ёмон бўлмайди. Чунки тугаётган ҳафтада Қосим-Жомарт Тўқаевнинг берган интервьюси боя айтганимдек ҳақиқатдан ҳам шов-шувларга сабаб бўлди ва анчадан бери кўпчиликни қийнаётган саволларга жавоб топишга йўл очди. 

Интервьюда Тўқаев айрим шахсларнинг мамлакатда қўш ҳокимият моделини жорий этишга уринишлари ҳақида ўз фикрини билдирган.

“Ҳақиқатан ҳам икки томонлама ҳокимият моделини жорий этишга уринишлар бўлган. “Ҳокимият транзити”нинг ҳозирги сиёсий вазиятида сиёсий манипуляторлар ўзига хос параллель куч марказини шакллантирдилар. Мамлакатимизда Президент ва Олий Бош қўмондон, шунингдек, собиқ президент вакили бўлган Хавфсизлик Кенгашининг раиси бор эди. Бу охир-оқибат ҳокимият тўқнашувига айланиб кетиши мумкин эди. Яна бир нарсани айтаман: бу ҳолат январь инқирозининг зарурий шартларидан бирига айланди”, дейди Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, фитначилар ўз манфаати учун қўш ҳокимият ёки Назарбоев ва Тўқаев “тандем”ининг ихтиро қилинган моделидан фойдаланишга ҳаракат қилган.

“Бир қатор амалдорлар, жумладан, собиқ адлия вазирининг Элбошининг мақоми Президентдан ҳам юқори экани ҳақидаги баёнотлари эсингизда бўлса керак. Айрим амалдорлар бу борада жуда пухта ўйин қилди. Кейинроқ мен Нурсултон Абишевич Назарбоевга сиёсий ўйинлар ортидан, биринчи навбатда унинг энг яқин сафдошлари мамлакатни деярли парчалаб ташлаётгани ҳақида тўғридантўғри айтдим. Мен ”катта ва кичик президентлар“ умуман бўлмаслиги керак деб ҳисоблайман. “Кетдингми, кетдинг”. Бу каби ишлар доимо давлат манфаатларини, жамият фаровонлигини ўйлаши лозим бўлган келажак авлод раҳбарлари учун жиддий сабоқ бўлиши керак. Афсуски, ички сиёсий инқирознинг ҳал қилувчи палласида асосий ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ўзларининг касбий маҳорати йўқлиги ва ҳатто хиёнатга мойиллигини кўрсатди”, дейди Президент.

Тўқаевнинг гапларидан тушуниш мумкинки, ўзи шундоқ билардик ва унинг ўзи энди тасдиқлаяптики, январь воқеалари ортидан Назарбоевнинг ўнлаб ваколатларидан айрилиши, ўлмай туриб номи ўчирилиши шунчаки бўлмаган ва бу бевосита Тўқаевнинг иштирокида амалга оширилган. Тўғри-да, мамлакатни бир Президент бошқариб турсаю, истеъфога чиққан ҳар нарсага шопиллаб аралашаверса, давраларнинг тўри уники бўлса, Президентнинг сўзи устидан сўз айтса, хорижий сафарларни канда қилмаса, давлат номидан Президент иштирок этиши керак бўлган тадбирларда Президентга йўл бермай ўзи қатнашаверса, кимга ёқади бундай раҳбарлик. Хўш, Назарбоев бу хатоларнинг қай бирини қилмади. Ҳаммасини қилди. Лекин Тўқаев ҳам анойи чиқмади. Ҳокимиятни қозонида икки қўчқорнинг боши қайнамаслигини билди, билдию шунга кўра ҳаракатини қилди. 

Иноятов бир йил деганда “учди”. Қаерга?

Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида 1 йил-у 1 ҳафта ишлаган Амрилло Иноятов номаълум сабабларга кўра ишдан олинди. 

Иноятовнинг ССВдан кетишига болаларнинг йод препаратидан заҳарланиши, тизимдаги камчиликларни бартараф этмагани сабаб бўлдими ёки бошқа масала, бу бизга қоронғи. Бу “ишни шахсан назоратга олганман” деган Иноятов ишни охири нима бўлганини ҳам айтмай, лавозимидан "учди". Энди у кўтариладими ё қулайди, буниси бизга қоронғи. Ҳар ҳолда “Док-1 Макс” дори воситасидан 65 бола заҳарланиб, вафот этиши даврида вазирлик қилган Беҳзод Мусаев лавозимидан кетгани йўқ, фақат ҳозир бошқа вазирликни бошқаряпти. 

Вазир ишдан кетиб, Соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарсиз қолди, деб куюнманг. Президент Администрациясида Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Асилбек Худоёров Амрилло Иноятовнинг ўрнини вақтинча эгаллаган. 

Ўзбекистонлик “Мадам Клод” ушланди

Интерпол томонидан қизил билдиришнома билан қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Мирхонова Туркиянинг Чаноққалъа вилояти Айважик туманида қўлга олинди. 

Текширувларда Мирхонова Россия, Беларусь, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан кўплаб аёлларни ноқонуний йўллар билан Туркияга олиб ўтиб, воситачилар орқали фоҳишахоналарга сотгани аниқланган.

Операция натижасида Мирхонова Кичиккуюдаги уйида ушланган. Полиция бўлимидаги текширувлар якунлангандан сўнг, у депортация қилиш учун Айважик Репатриация марказига етказилган.

Халқаро миқёсда қидирувда бўлган Мирхонова “Мадам Клод” лақаби билан танилган. У дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги фоҳишахоналарга хорижлик аёлларни етказиб бергани айтилмоқда. Мирхонова "жинсий мақсаддаги одам савдоси" айби билан Интерпол томонидан қидирувга берилган.

Америка орзуси

Одамларимизнинг Америка орзуси битмади, битмади-да. Не-не қинғир йўллар билан жонини, молини, болаларининг саломатлигини хавфга қўйиб, океан сари йўлга чиқаётган, Мексика чегараларида хору зор бўлаётган ўзбекистонликлар камми? Устига-устак АҚШ ҳам Мексика чегараси орқали мамлакатга киришга нисбатан назоратни кучайтирди. Авваллари Мексика орқали АҚШ чегарасини бузиб кирганлар бир неча кун қамоқда сақланиб, суд қилиниб, кейин чиқариб юборилаётган эди. Бу алоҳида тизимли бизнесга айланганди. Адвокатлар ҳам тайин. 

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакат фуқароларини ноқонуний миграциядан огоҳлантириши, куни кеча 119 нафар ўзбекистонликни мамлакатдан бадарға қилганига қарамай, ўзбекистонликнинг Америка орзуси тугаётгани йўқ. Уларнинг аксарияти эса на бир ҳунарнинг бошидан тутган ва на тил биладиганлар. Нимага кетяпсан, деса қариндошим ўша ерда, борсам кутиб олади, дейди. Энсам қотади. Ҳа бор, қариндошингни сенга кўзи учиб турибди. Боссанг қадаминг пул турадиган бу мамлакатда қариндошни қўйинг, ит эгасини, мушук бекасини танимайди. Ўшаларга айтсанг-да, олдин тил ўрган, ўша ердагилардан фарқли иш қила оладиган бўлиб бор, йўқ, ҳамма билағон. Америкага борса ҳамма иши беш бўлиб кетадигандек. 

Америка орзусида юрганлардан бири 14 минг доллар эвазига АҚШга кетмоқчи бўлиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходимига пора бермоқчи бўлди. Ходим ҳам пора билан қўлга тушди. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланган ходимнинг вазирликда ким бўлиб ишлаши ва шахсига аниқлик киритилмаган. Маълум қилинишича, у мавқеидан фойдаланган ҳолда одамларга АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юбориш ҳақида ёлғон ваъдалар берган. Шу йўл билан фуқароларни чув тушириб келган. Жумладан, вазирлик ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқародан виза олиб бериш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган. Аммо ушбу пулларнинг 10 минг долларини олдиндан олаётган вақтида ушланган.

Шунингдек, 1999 йилда Оқдарё туманида туғилган, ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Мексика орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш ваъдаси билан ноқонуний пул топишга уринган. У бунда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўқийдиган қариндоши билан тил бириктирган. Улар фуқародан ушбу хизмат учун 16 минг АҚШ доллари талаб қилган. Институт талабаси ушбу пулларнинг 10 минг долларини олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган. 

Ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Ҳозирда Қўшма Штатларда яшаётган оқдарёлик шахс муқаддам ҳам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, 41 минг 600 АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ўзбекистонлик педофил Россияда қўлга тушди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 16 ёшли ўқувчи қизни зўрламоқчи бўлган 41 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. 

Нашрга кўра, Ўзбекистон фуқаросининг иши Куйбишевский тумани судида кўриб чиқиляпти. Воқеа 2024 йил 1 январга ўтар кечаси Санкт-Петербург шаҳри марказида содир бўлган. 

Ўзбекистонлик мигрант 16 ёшли қизни кўп қаватли уйнинг зинапоясида учратиб қолган. Терговчиларнинг сўзларига кўра, аввалига у қизни бўғиб ўлдирмоқчи бўлган, кейин унинг кийимларини йиртиб ташлаган. Қиз эса унга қаршилик кўрсатиб, қочишга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг, эркак 2 январь куни ҳибсга олинган. Марказий округ тергов қўмитаси ўзбекистонликни вояга етмаган қизни зўрлашга уриниш ва унга нисбатан жинсий тажовуз қилишда айбламоқда.  

Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, Россияда педофиллар умрбод қамалади. Мамлакат Президенти Владимир Путин 2022 йилда рецидивист педофилларга умрбод қамоқ жазосини тайинлашни назарда тутувчи қонунни имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг