Тахтда 70 йил! Британияда Елизавeта II нинг Платина юбилeйига тайёргарлик кўрилмоқда
Олам
−
31 Май 2022
4675Жорий йилнинг 2-5 июнь кунлари Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг тахтга ўтирганига етмиш йил тўлиши муносабати билан мамлакатда байрам тантаналари бўлиб ўтади. Қироличанинг платина юбилейи шарафига 2 июндан 5 июнга қадар Буюк Британияда тўрт кунлик дам олиш кунлари ва кенг кўламли тантаналар эълон қилинди.
Букингем саройи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган дастур қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:
2 июнь куни Қироличанинг туғилган куни шарафига парад бўлиб ўтади, унда 1400 дан ортиқ аскар, 200 от ва 400 нафар мусиқачи иштирок этади. Шунингдек, шу куни Буюк Британия, Канал ороллари, Мен ороли ва хориждаги ҳудудларда 1500 та маёқ ёқилади. Ҳамдўстлик мамлакатлари пойтахтларида ҳам биринчи марта маёқлар ёқилади. Бу Буюк Британиядаги қадимий анъана бўлиб, у қироллик юбилейлари, тўйлар ва тож кийиш маросимларида амалга оширилади.
Маълумот ўрнида, Қиролича Елизавета II ҳар йили иккита туғилган кунини нишонлайди: унинг ҳақиқий туғилган куни апрель ойида ва уни расман нишонлаш эса июнь ойининг иккинчи шанбасида бўлиб ўтади. Монархлар учун иккита туғилган кун анъанаси 1748 йилда қирол Жорж II давридан бошланган.
3 июнь куни Авлиё Паул черковида Елизавета II ҳукмронлиги учун миннатдорчилик маросими бўлиб ўтади. Буюк Паул, мамлакатдаги энг катта черков қўнғироғи хизмат учун чалинади. У 1882 йилда ясалган, аммо 1970 йилларда бузилган механизм туфайли “жим бўлиб қолганди”. У 2021 йилда қайта тикланиб, ҳозиргача 8 марта хизмат учун чалинди.
4 июнь куни Платина базми Букингем саройида бўлиб ўтади. Унда Буюк Британия қироличасининг 70 йиллик ҳукмронлиги энг муҳим дақиқаларини нишонлаш учун санъаткорларни бирлаштирадиган концерт бўлиб ўтади. Концертда бир нечта жаҳон миқёсидаги юлдузларнинг иштироки кутилмоқда.
5 июнь куни британияликлар Буюк юбилей кечки овқатида иштирок этишлари мумкин бўлади. Бу кўча зиёфатлари, пикниклар, боғда барбекю кабилардан иборат. Шу куни Платинa юбилей танлови ҳам бўлиб ўтади: унда Буюк Британия ва Ҳамдўстликдан беш минг киши Букингем саройи олдида чиқиш қилади. Қироличанинг Матбуот хизмати дабдабали маросимлар, кўча санъати, театр, мусиқа, цирк ва илғор визуал технологияларни ваъда қилмоқда.
Шунингдек, 2022 йил июль ойидан бошлаб Букингем саройининг расмий қироллик қароргоҳлари, Виндзор қасри ва Холируддаги қироллик қароргоҳида Елизавета II ҳукмронлигининг энг муҳим воқеалари – тахтга ўтириш, тож кийиш ва юбилейларга бағишланган учта кўргазма намойиш этилади.
Маълумот ўрнида, Елизавета II 1952 йил 6 февралда, отаси қирол Жорж VI вафот этган куни қиролича бўлганди. 2022 йилда 96 ёшга тўлган Елизавета II бутун қироллик тарихида биринчи бўлиб платина юбилейини – ўз ҳукмронлигининг 70 йиллигини нишонлаган монарх бўлди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси