Тақиққа учраган “Дизайн”дан қарийб 344 млн ундирилди

Жамият

image

Аввалроқ “Дизайн” жамоаси тўртлиги бир шахсдан 30 минг доллар олиб, қайтариб бермаётгани, ундирув масаласи Олий суд қароридан кейин ҳам амалга ошмаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Мажбурий ижро бюроси Матбуот хизматининг маълум қилишича, қарздорлар томонидан 336 млн 132 минг 799 сўм қарздорлик, 6 млн 722 минг 655 сўм ижро йиғими, 1 млн 134 минг сўм жарима ва жами 343 млн 989 минг сўмлик пул маблағлари Бюронинг Чилонзор тумани бўлим депозит ҳисоб рақамига тўлиқ ундирилган.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг жорий йилнинг 7 майидаги “Дизайн” жамоаси вакиллари – Мусабеков, Каримбердиев, Мавлонов ва Фатхуллаевдан даъвогар Саломовнинг фойдасига солидар тартибда жами 336 млн 132 минг 799 сўм ундириш бўйича ижро варақаси Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор ва Юнусобод туман бўлимлари иш юритувига келиб тушган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ, қарздор фуқароларнинг номига расмийлаштирилган мол-мулк ва автотранспорт воситаларига нотариал ҳолатларни амалга ошира олмасликлари учун барча тақиқлар қўйилган.

Ижро ҳаракатлари давомида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг жорий йилнинг 20 августидаги кўрсатмасига асосан ижро ҳаракатлари тўхтатилган. Қарийб 2,5 ой ижро ҳаракатлари суд кўрсатмасига асосан олиб борилмаган.

Кейинчалик, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг жорий йилнинг 11 ноябридаги ижро ҳаракатларини давом эттириш тўғрисидаги хати бўлим иш юритувига 19 ноябрь куни келиб тушган.

Сўнг, жорий йилнинг 19 ноябрь кунидан яна ижро ҳаракатларига киришилган. Ҳозирда қарздорларга тегишли Lacetti ва Cobalt автотранспорт воситалари хатланиб жарима майдончасига қўйилган.

“Қарздорлар томонидан 336 млн 132 минг 799 сўм қарздорлик, 6 млн 722 минг 655 сўм ижро йиғими, 1 млн 134 минг сўм жарима ва жами 343 млн 989 минг сўмлик пул маблағлари Бюронинг Чилонзор тумани бўлим депозит ҳисоб рақамига тўлиқ ундирилганлиги маълум қилинади”, дейилади МИБ Матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1003

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг