Таиландга бораётган сайёҳлар огоҳлантирилди
Олам
−
20:02 1643 2 дақиқа
Таиланд ҳукумати маҳаллий аҳоли ва туристларни ёмғирлар мавсумида хавфли касалликлар авж олиши хавфидан огоҳлантирди. Хусусан, Денге безгаги, Зика вируси ва чикунгунья билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши мумкин. Бу ҳақда Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, май ойининг охиридан октябрь ойининг ўрталаригача давом этадиган ёмғирлар мавсумида мамлакатда анъанавий тарзда қатор хавфли касалликлар тарқалиши хавфи ортади. Бунда асосий эътибор денге безгаги, чикунгунья, Зика вируси ва чивинлар орқали юқадиган бошқа инфекцияларга қаратилмоқда.
Бундан ташқари, ёмғирлар мавсумида нафас йўллари касалликлари, жумладан, грипп, пневмония (зотилжам), РСВ (респиратор-синцитиал вирус) ва COVID-19 тез-тез тарқалади. Ҳукумат профилактика чораларига риоя қилишни, қўлларни тез-тез ювишни, одамлар гавжум жойларда ниқоблардан фойдаланишни ва касалланганлар билан мулоқотдан сақланишни тавсия этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, туристлар ва аҳолини қуйидагиларга чақирган:
- чивин чақишидан ҳимояланиш;
- сув босган жойларда ялангоёқ юрмаслик;
- момақалдироқ ва кучли ёмғирлар вақтида эҳтиёткорлик чораларини кўриш.
Вазирликнинг маълум қилишича, бутун ёмғирлар мавсуми давомида мамлакатда юқумли касалликлар авж олиши мумкин бўлган ҳолатларга тезкор чора кўришга тайёр бўлган тиббий тезкор ҳаракат гуруҳлари фаолият олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иқлим ўзгариши туфайли чикунгунья вирусининг тарқалиш майдони сезиларли даражада кенгайиб, ХХI аср охирига бориб Европа, Шимолий Америка ва Шарқий Осиёнинг мўътадил минтақаларига етиб бориши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси