Таиландда даҳшатли зилзила. 300 ишчининг тақдири номаълумлигича қолмоқда (фото)

Олам

image

Таиланднинг Бангкок шаҳридаги зилзиладан кейин фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Бу ҳақдаги қарорни Таиланд Бош вазири Пхетхонгхан Чинават қабул қилди.

Бош вазир шошилинч умуммиллий огоҳлантириш эълон қилиб, аҳолини бугунги зилзиладан кейин 24 соат ичида содир бўлиши мумкин бўлган такрорий силкинишлардан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирди.

Зилзила оқибатида қурилаётган 30 қаватли бино қулаб тушган. ОАВга кўра, бу Бош аудитор идорасининг биноси бўлиб, у ердаги 300 нафар ишчининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. “Thai PBS”нинг хабарига кўра, камида бир ишчи ҳалок бўлган, яна 43 киши бедарак йўқолган. 

Бангкокда зилзила туфайли метро ишламаяпти, йўлларда тирбандликлар юзага келган.

Қолаверса, Таиланд ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати барча аэропортларни ёпиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Бангкокнинг Суварнабҳуми аэропорти эҳтиёт чораси сифатида парвозларни 20 дақиқага вақтинча тўхтатган, аммо кейинроқ парвозларни қайта тиклаган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 март куни Таиланд ва Мьянмада зилзила содир бўлди. 7,7 магнитудали биринчи силкиниш Мьянманинг Сикайн шаҳридан 16 км узоқликда, 10 км чуқурликда содир бўлган. Бир неча дақиқадан сўнг 6,9 магнитудали яна бир зилзила қайд этилган. Таиланд шимолида содир бўлган зилзила магнитудаси 4,2 ни ташкил этган. Бундан ташқари, силкинишлар Хитойнинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Таиланд Бангкок

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг