Тадбиркорнинг хотини ва ҳайдовчиси уни 680 000 долларга “ухлатди”
Жамият
−
19 Август 2019
11603Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида тадбиркорнинг уйидан хотини ва ҳайдовчиси 5 млрд сўмдан ортиқ пулларни ўғирлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хабар берди.
Тадбиркор И.И.га нисбатан содир этилган ушбу ўғирлик жиноят ортидан Қўқонда ёғоч, шакар, ширинликлар савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорнинг ўз хотини, З.И., унинг ҳайдовчиси О.И., хотинининг дугонаси ва дугонасининг турмуш ўртоғи А.Д. ва Р.У. ҳамда Қўқон шаҳрида машҳур бўлган фолбин М.А.га нисбатан жиноят иши очилди.
Айбланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси(ЖК)нинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва 243-моддаси ва 168-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилди.
Воқеаларга доир расмий ҳужжатда, З.И. (хотини) турмуш ўртоғи И.И. (эри)нинг унга нисбатан муносабати ўзгариб, бошқа аёллар билан гаплашиб юрганидан рашк қилиб, уни жазолаш мақсадида, турмуш ўртоғи ва унинг яқин қариндошларига тегишли бўлган пулларини ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш режасини тузиб, турмуш ўртоғи И.И.нинг пуллар сақланадиган темир сейф калитини яширинча қўлга киритиб, жами миллий сўмга нисбатан қиймати 283 532 200 сўмни ташкил қилган жуда кўп миқдордаги 35000 АҚШ доллар пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарф қилгани айтилмоқда.
З.И. турмуш ўртоғи И.И. билан оилавий муносабатлари сабабли ўзаро келишаолмай ўз ота уйига кетиб қолиб, шу ерда яшаб юрган вақтда муқаддам оиласига ҳайдовчилик қилган И.О. билан гаплашиб, у билан яқин муносабатда бўлиб, унга турмуш ўртоғи И.И.нинг ётоқхонасидаги жуда кўп миқдорда пуллар сақланадиган сейфнинг калит нусхасини И.О.га берган.
И.О. эса И.И. ва унинг оила-аъзоларига тегишли жуда кўп миқдордаги АҚШ доллар пулларини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида Қўқон шаҳар Хўжакент 4-тор кўчаси рақамсиз уйга келиб, девор орқали ғайриқонуний равишда ҳовлига кириб, у ердан И.И.нинг ётоқхонасига дераза орқали кириб, З.И. томонидан берилган калит ёрдамида сейфни очиб, унинг ичидан И.И. ва унинг яқин қариндошларига тегишли миллий сўмга нисбатан қиймати 5 млрд 508 млн 625 минг 609 сўмни ташкил қилган жуда кўп миқдордаги 680 000 АҚШ доллар пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Шундан сўнг И.О. ва З.И. жиноий йўл билан қўлга киритилган пулларни ўртада тақсимлаб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашган.