Тадбиркорнинг 2 млн доллар пулини ўмармоқчи бўлган жиноий гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
15 Апрель 2023
10416Наманган вилоятида йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаронинг яшаш хонадонида 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги пулларни босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, жорий йилнинг 12 апрель куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 1979 йилда туғилган, муқаддам ЖКнинг 8 та моддаси билан судланган жиноий гуруҳ аъзоси қўлга олинган. Унинг ёнидан топилган 2 дона пичоқ, 4 дона скотч ва Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоп, опий гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Шу куннинг ўзида тезкор тадбир давом эттирилиб, гуруҳнинг қолган 4 нафар аъзолари Наманган вилояти ИИБ тезкор қидирув ходимлари томонидан қўлга олинган. Улардан жиноят содир этишда фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилган спорт кийимлари, ниқоб ва қўлқоплар, 3 дона пичоқ, электрошокер қурилмаси, телефон аппаратлари, гиёҳвандлик моддаси ва бошқа жиҳозлар топилган.
Тезкор суриштирув тадбирлари давомида босқинчилик жиноятини содир этиш учун яна 5 нафар шахслар таклиф этилганлиги аниқланиб, улар ҳам ушланган.
Қўлга олинганларнинг асосий қисми муқаддам судланган шахслар ёки тадбиркор ва спортчилар бўлиб, уларнинг аксарияти босқинчилик режалаштирилган фуқаро билан таниш бўлган ва ҳатто у билан бирга ишлаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 164-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.