Тадбиркорлар томонидан йўлларга радар ўрнатиш тартиби белгиланди

Жамият 11065
image

Тадбиркорлар томонидан автомобиль йўлларида қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Ҳукумат қарори билан ”Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида“ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тадбиркорлар томонидан йўлларда қоида бузилишини фото ва видео қайд этиш тизими ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг электрон онлайн-аукционлари “E-IJRO AUKSION” орқали амалга оширилади.

Тизим электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлар томонидан ўзларига бириктирилган объектларда ўрнатилади.

Объект тадбиркорларга мулк ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорларга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. 

Тизим Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилинади.

Тизим ўрнатилгандан сўнг 10 кун давомида синов тариқасида ишлатилиб, ушбу даврда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима ундирилмайди.

Тизим қоидабузарликларни аниқлашда уч ва ундан ортиқ маротаба хатоликни қайд этса, объектга нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниши мумкин. 

Тизим томонидан қоидабузарликлар нотўғри аниқланганда, тадбиркорлар уларни содир этган деб топилган шахсга етказилган барча моддий зарарни қoплашга мажбур.

Қарорга кўра, тизим орқали қайд этилган қоидабузарликлардан ундирилган жарима суммасининг тадбиркорга ўтказиладиган миқдори қуйидагича: 
тизим ишга туширилгандан бошлаб 1 йил давомида – 50 фоизи;
ишга туширилганидан 1 йил ўтгандан сўнг – 25 фоизи.

Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимнинг ўрнатилиши ва эксплуатация қилинишини назорат қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 567
Рейтинг: 2.9
t
×