Тадбиркор Саманта Мостин Австралиянинг янги генерал-губернатори бўлади

Олам

image

Mirvac инвестиция компанияси раҳбари Саманта Мостин Австралиянинг навбатдаги генерал-губернатори бўлади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Энтони Альбанезе маълум қилди.

"Мостин генерал Дэвид Херлининг ўрнини эгаллайди ва 2024 йил 1 июлда қасамёд қилганидан сўнг Австралиянинг 28-генерал-губернатори бўлади", дейди Альбанезе.

Унинг айтишича, янги генерал-губернатор номзоди аллақачон Буюк Британия қироли Чарльз III томонидан маъқулланган.

59 ёшли Мостин ўз фаолиятини Янги Жанубий Уэльс Олий судида бошлаган, сўнгра уни мамлакатнинг энг йирик юридик фирмаларидан бири Gilbert and Tobin’да давом эттирган. У ердан кетганидан бери Мостин Virgin Australia ва Citibank Australia’да юқори лавозимларда ишлаган ҳамда бир қанча нотижорат ва хайрия жамғармаларини бошқарган. Мостин бизнес, жамият ва аёллар олдидаги ажойиб хизматлари учун 2021 йилда давлат мукофотига сазовор бўлган.

Қайд этиш жоизки, Мостиннинг бу лавозимга тайинланиши Австралия тарихида иккинчи марта аёл кишининг мамлакат генерал-губернатори бўлишидир. 2008 йилда бу лавозимни эгаллаган Квентин Элис Луиза Брайс Австралиянинг биринчи аёл генерал-губернатори эди. У бунгача ҳам беш йил давомида Австралиянинг Квинсленд штати губернатори бўлган.

Маълумот учун, Австралия генерал-губернатори монархнинг (давлат раҳбари қирол Чарльз III) мамлакатдаги расмий вакили саналади. У ижро этувчи ҳокимият бошлиғи бўлиб, унинг вазифаларига элчилар, вазирлар ва судьяларни тайинлаш, қонун лойиҳаларини тасдиқлаш, сайловларни тайинлаш ва мукофотларни топшириш киради. Генерал-губернатор Федерал Ижроия Кенгаши раҳбари ва Австралия Мудофаа кучларининг Бош қўмондони ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия Саманта Мостин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг