ТҲАЙдаги турар ва нотурар жойлар нега бузиляпти?
Жамият
−
15 Июль 2021
10758Тошкент шаҳрини Тошкент вилояти билан боғловчи, пойтахтни ўраб турган Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб айни вақтда катта бузиш ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда пойтахт ва Тошкент вилояти ҳудудлари томондан йўл бўйида жойлашган турар ва нотурар жой объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, реклама стендлари бузиб ташланмоқда. Одамлар орасида эса икки тахмин бор: кимдир йўл кенгаяркан деса, яна бошқалар бу ерга ҳам ер усти метроси қуриларкан, демоқда. QALAMPIR.UZ ҳудудда олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот олиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати билан боғланди.
Қайд этилишича, ҳудуддаги бузиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов топшириғига биноан амалга оширилмоқда.
QALAMPIR.UZ'га етиб келган ҳужжатда таъкидланишича:
• Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг икки тарафида амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари бузилган ҳолда қатор объектлар йўл бўйида барпо этилмоқда (қурилиш чизиғидан чиққан ҳолда ёки юқори кучланишли электр тармоқлари муҳофаза ҳудудида) ҳамда тегишли рухсат этувчи ҳужжатларсиз енгил турдаги конструкциялар (савдо шаҳобчалари ва бошқалар) қурилиши ҳамон давом этмоқда;
• реклама конструкциялар ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига амал қилинмаган ҳолда жойлаштирилган;
• автомобиль йўли бўйича (йўл ўртасида) ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган;
• йўл бўйича жойлаштирилган йирик савдо комплексларига кириш ва чиқишда аҳолига қулай шароит яратилмаган.
Ҳужжатда келтирилишича, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйича қурилаётган объектларни шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солувчи меъёрларга мувофиқлигини ўрганиш ва йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аҳолига қулай шароит яратиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тасдиқланган.
Қурилиш вазири Ботир Зокиров бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳига қуйидаги:
• юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланган талаблар асосида ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан қурилган барча ноқонуний объектлар, енгил турдаги савдо шаҳобчалари ва реклама қурилмаларини ихтиёрий равишда бузиш бўйича огоҳлантириш хатлари бериш;
• автомобиль йўли бўйидаги юқори кучланишли ҳаво электр тармоқлари “муҳофаза ҳудуди”да қурилган ноқонуний қурилмаларни бузиш;
• ихтиёрий бузмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан барпо этилган объектларни мажбурий тартибда бузиш бўйича суд органларига даъво аризалари киритиш;
• бузишдан бўшаган ер майдонларини маҳаллий ҳокимлик заҳарисига қайтариш;
• юридик ва жисмоний шахслар томонидан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис объектлари қурилишига рухсат олиб, лекин қурилиш ишлари бошланмаган ер участкаларини тўлиқ хатловдан ўтказиш;
• мазкур ер майдонларида қурилиш ишларини бошлаш учун тегишли лойиҳа ҳужжатлари мавжудлигини ҳамда лойиҳа ҳужжатининг амалдаги қурилиш нормаларига мослигини ўрганиш;
• автомобиль йўли бўйидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳа таклифини ишлаб чиқиш;
• йўл бўйидаги йирик савдо комплексларига кириш ва чиқишда аҳолига қулай шароит яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 9 июль ҳолатига ТҲАЙ бўйлаб қуйидаги ишлар амалга оширилган:
• Тошкент тумани ҳудудидаги ТҲАЙ бўйлаб 161 060 м2 ўтлар ўрилган;
• 2 999 та дарахтлар тартибга келтирилди;
• 2610 п.м. ирригация лотоклари тозаланган;
• мавжуд 43 та ноқонуний ўрамалардан 43 таси бузилган;
• мавжуд 116 та ноқонуний қурилмалардан 116 таси бузилган;
• ноқонуний қурилмаларни бузиш мақсадида мажбурий ижро бюросига топширилган 6 та ҳужжатлардан, 6 таси бўйича ижроси бажарилган;
• ноқонуний қурилмаларни бузиш мақсадида 50 та объектлар бўйича ҳужжатлар судга берилган;
• 20 та судга берилган объектлар бузилган;
• 5880 м2 ер майдонлари текисланган;
• мавжуд 89 та реклама стендларидан 88 таси олдирилган;
• 222 п.м. бордюрлар тартибга солиндиган;
• 33 та ноқонуний савдо шаҳобчаларидан 33 таси олдирилган;
• ТҲАЙ йўли минтақасида мавжуд бўлган 170 та турар ва нотурарларнинг 170 тасига огоҳлантириш берилган.
LiveБарчаси