“Свет” ўчишидан зарар кўрган тадбиркорларга компенсация тўланади — Энергетика вазирлиги
Жамият
−
27 Май 2021
5996Ёдингизда бўлса, ўтган йили Ўзбекистон ҳудудида совуқ об-ҳаво массалари одатдагидан эртароқ кириб келган ва ҳарорат кескин пасайиб кетганди. Мазкур ҳолат аввалдан прогноз қилинмагани сабабли нафақат қишлоқ жойларда балки, пойтахт Тошкентда ҳам электр таъминотида узилишлар юз бериб, газ босими пасайиб кетганди.
Электр таъминотидаги узилишлар оқибатида айрим тадбиркорлар ўз бизнесида жиддий зарар кўрди ва мазкур ҳолатда аҳоли мамлакат энергетика соҳаси раҳбарияти ҳамда тизимнинг тайёргарлигидан норози бўлди.
Бугун, 27 май куни Энергетика вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ мухбири мазкур анжуманда бевосита иштирок этиб, Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Aнвар Рауповдан электр таъминотидаги узилишлар сабаб зарар кўрган тадбиркорларга компенсация тўлаш керакми, деган савол билан юзланди.
“Ҳозир электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари тўлиқ қайта кўриб чиқиляпти. Унда фақат етказиб берувчининг эмас, балки истеъмолчининг ҳам манфаатларини кўзда тутиш керак. Электр токи барқарор етказиб берилмаса ёки тармоқда узилиш кўп кузатилса, бундай ҳолатларда етказиб берувчи ташкилот келтирилган зарарни ўрнатилган тартибда қоплаб бериши керак. Бунинг ҳаммаси қоидаларда ва ўзаро тузилган шартномаларда назарда тутилган.
Шунингдек, шартномада ресурс етишмаслиги ёки авария ҳолатлари юзага келганда электр тармоғида узилишлар бўлиши ҳақида ҳам келтириб ўтилган. Бу ҳолатни “форс-мажор” ҳолати сифатида кўриш мумкин. Aммо бошқа пайтларда етказиб берувчи ташкилот электр энергиясини барқарор етказиб беришга масъул”, деди Aнвар Раупов.
Аввалроқ, Энергетика вазирлиги расмийси “ақлли” электр ҳисоблагичларнинг “қўшиб ёзиш”и ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдириб, янги тизим икки томон фойдасига ишлашини таъкидлаганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь