Сувни тежашда фаол бўлган талабалар Амстердамга боради
Жамият
−
06 Август 2019
2849Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабалар жорий йилнинг ноябрь ойида Амстердамга боради.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги инновация ва илмий тадқиқотлар кластерида “Сув масалалари бўйича инновацион лаборатория” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида “Сув, таълим ва ҳамкорлик” (Smart Waters) лойиҳаси йўлга қўйилиб, у Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонда татбиқ этилмоқда.
“Сув масалалари бўйича инновацион лаборатория” лойиҳаси ҳам унинг доирасида бўлиб, Ўзбекистонда биринчи бор жорий этилмоқда. Унда қатнашган талабалар олти ой мобайнида ўз ғояси ва тадқиқотлари устида ишлади.
Лойиҳа натижаларига кўра, ўнта жамоанинг бизнес ғояси ва изланишлари танлаб олинган.
Биринчи ўринга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари жамоаси сазовор бўлди. Иккинчи Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, учинчи ўрин Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабалари жамоасига насиб қилди.
Биринчи ва иккинчи ўрин ғолиблари шу йил ноябрь ойида Амстердамда бўлиб ўтадиган танловда ўз лойиҳаларини намойиш қилиш имкониятига эга бўлди.
LiveБарчаси