“Сувни таъми муз билан”. Интернетни портлатган аёл боғча тарбиячиси бўлиб чиқди
Жамият
−
08 Август 2020
62708Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда онлайн машғулот учун ролик тайёрлаётган тарбиячи, қўққисдан ўз фарзандларини уришишга тушгани акс этган видео тарқалганди. Видео тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамасига сабаб бўлди. Мактабгача таълим вазирлиги ушбу видеодаги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Вазирлик томонидан ўрганишлар натижасида видеороликдаги аёл Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ҳилола Нурматова эканлиги аниқланди. Шу йилнинг 15 июль куни уй шароитида видеомашғулотни ёзиб олиш жараёнида Ҳ.Нурматова ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда қўпол тарзда койиб ташлайди.
Бу ҳолат акс этган ролик, кейин тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ телеграм гуруҳига жойланган ва тезда ўчириб ташланган. Шунга қарамай ўчирилган ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
“Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни Ҳ.Нурматова видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга урингани маълум бўлди. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар ҳархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йоқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Ушбу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Тарбиячи Ҳ.Нурматова касбий этика қоидаларини бузгани учун унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Карантин якунланиб , МТТлар фаолияти тиклангач 7-сонли МТТ ҳамда Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан бу тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб борилиши белгиланган. 7-сонли МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилган.
Маълумот учун, Ҳ.Нурматова 1982 йилда туғилган олий маълумотли бўлиб, мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келган.
Шу ўринда, мазкур видео тарқалиб, мунозалар бошлангач, дастлаб бу аёл мактаб ўқитувчи деб тахмин қилинганди. Аммо Халқ таълими вазирлиги видеодаги аёл ўқитувчи эмаслиги ҳақида баёнот берганди.
LiveБарчаси