Сув ресурслари можаролар манбаига айланмоқда – Эрдўған
Олам
−
18 Май
4032Сув ресурслари бўйича келишмовчиликлар дунё бўйлаб кўплаб кескин вазиятларнинг негизида ётади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 17 май куни Истанбулда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги экотизимлари йиғилиши иштирокчилари олдида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, худди шундай жараёнлар Осиё, Америка, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида кузатилмоқда.
“Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари туфайли сув манбалари ва сув омборлари тўқнашув зонасига айланиб бормоқда”, дейди Туркия раҳбари.
Президент глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда Туркиянинг ҳиссасини ҳам қайд этди.
“Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган Қора денгиз ташаббуси туфайли, биринчи навбатда, Африканинг кўплаб минтақаларида очарчиликнинг олдини олиш мумкин бўлди. Хавф билан юзма-юз келганда, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин эди”, деган у.
Эрдўған Туркия COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш шароитида 33 миллион тонна ғалланинг ўз бўғозларидан ўтишини таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашишига йўл қўймаганини таъкидлади.
Туркия Президенти ўз нутқида Ғарб давлатларининг мустамлакачилик ўтмишига ҳам тўхталиб ўтди.
“Нефть, олтин, олмос ва бошқа ерости бойликлари учун қон тўкилган. Бир томчи қондан бир томчи нефтни қимматроқ, деб билган мустамлакачилар ҳукмронлик қилиш учун ҳар қандай йўлни ишга солган. Улар минглаб километр узоқликда жойлашган мамлакатларга бостириб кирди. Улар ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланиб, вертолётда Африка қора ўғилларининг бойликларини, олмос ва олтинларини Европага олиб кетди. Улар халқни ўз она юртларидан қувиб чиқарди, тўқнашувлар ва фуқаролар урушларини бошлади, қонли диктаторларни қўллаб-қувватлади, давлат тўнтаришлари уюштирди, қотиллик ва қирғинлар қилди. Улар маҳаллий аҳолини иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ўзларига тўла қарам қилиб, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйишди. Улар ўз фаровонлигини мазлумлардан ўғирланган бойликларга қурди. Бизга Конго, Жазоир, Кения, Сомали, Жанубий Африка, Намибия, Нигерия ва бошқа кўплаб Африка мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ҳақида маърузалар ўқиётган Ғарб давлатларининг ҳаракатларидан яхши хабардормиз”, дейди у.
Туркия раҳбари Европанинг айни марказида “музейлар” ниқоби остида ҳақиқатда ҳайвонот боғлари ташкил этилганини, уларда қитъанинг туб аҳолиси Африкадан олиб келиниб, “кўргазма” қилинганини эслатди.
“Биргина Конгода зўравонлик, очарчилик ва касалликлар оқибатида 10 миллион киши ҳалок бўлди. Буларнинг барчаси ва яна кўп нарсалар ер ости ва ер усти бойликларини назорат қилиш учун қилинган", дейди Президент Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, дунёнинг ривожланган давлатлари Африкада қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун кенг кўламли “пойга”ни бошлаб юборган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Африка давлатлари узоқ йиллар давомидаги шафқатсиз эксплуатация учун собиқ мустамлакачиларидан бадал тўлашини талаб қилаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь