Сув хўжалиги вазирига икки янги ўринбосар тайинланди

Жамият 3917
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлигида бир нечта тайинловлар амалга оширилди. Ушбу маълумотни вазирлик Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Азимжон Соатмурод ўғли Назаров Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Шу кунгача у инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари сифатида ишлаётган эди.

Шунингдек, Воҳиджон Ахмаджонов сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Рустам Жўраевич Қаршиев Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Азимжон Назаров 1976 йилда туғилган. Сув хўжалиги ва мелиорация, агро-инженерия бўйича мутахассис. 1997 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини, 2000 йили Америка Қўшма Штатларининг Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тугатган.

Рустам Қаршиев 1983 йилда туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг бакалавриатини 2005 йилда, магистратурасини 2009 йилда тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-гидротехник, селга қарши ва ўзан ростлаш иншоотлари бўйича магистрант. У бунгача Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 3
t
×