Сўровнома: бола ҳуқуқларидан хабарингиз борми?

Жамият 2913

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам шу кунда болаларга эътибор ошади. Шу кунда кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини истироҳат, ҳайвонот боғларига ёки умуман шунга ўхшаш кўнгилочар жойларга олиб бориб, уларни хурсанд қилишади. Болалар шу кунда ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор марказида бўлишaди. 

Aммо савол туғилади: нега айнан бир кун улар наздида саховатпешага айланамиз? Уларни музқаймоғу ширинликлар билан сийлаш, истироҳат боғларига олиб чиқиш учун байрамни кутиш шартми?

Тўғри, ота-оналар ўз фарзандини ҳар томонлама таъминлашга уринади. Aммо жамиятимизда ўз фарзандини байрамда табриклаш уёқда турсин оддий кунда ҳам яхши муносабатда бўлмайдиган ота-оналар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Ижтимоий тармоқларда эса вояга етмаган болаларнинг аёвсиз калтакланиб, оғир жароҳатлангани, ёш қизлар жинсий зўравонлик қурбонига айланаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалиб, аҳоли норозилигига сабаб бўляпти. Хўш, Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ҳимояланмаганми?

Аввало шуни таъкидлаш кераки, Ўзбекистон 1992 йил 9 декабрда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияга қўшилган. “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 18- ва 27- моддаларида давлат томонидан боланинг ота-оналарига ва қонуний вакилларига ёрдам бериш белгиланган. Шунингдек, болаларга уларни тарбияловчи шахслар томонидан қўпол муомалада бўлиш, уларнинг таҳқирланишидан ҳимоя қилиш, оилавий муҳитдан маҳрум бўлган ёки асраб олинган, ақлий ёки жисмоний жиҳатдан заиф болаларни ҳимоя қилиш, болаларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқлари, шунингдек, болаларнинг ижтимоий ривожланиши учун зарур бўлган турмуш даражаси тўғрисидаги нормалар белгилаб қўйилган.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция 1989 йил БМТ томонидан қабул қилинган. Ҳужжат Ўзбекистонда 1994 йилда кучга кирган. Кейинчалик ушбу Конвенция асосида 2007 йил “Бола ҳуқуқлари кафолатари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги  “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ аъзо бўлган.

Маълумот ўрнида, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция Нью-Йорк шаҳрида 1989 йил 20 ноябр куни қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябр куни кучга кирган. Бугунги кунда Конвенцияга аъзо давлатлар сони – 196 та.

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қонун билан белгилаб қўйилган экан. Бундан ота-оналарнинг ва болаларнинг ўзи қанчалик хабардор? QALAMPIR.UZ фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказди. Уларга “Сиз бола ҳуқуқлари ҳақида нималарни биласиз?” деган савол билан юзландик. Хўш, сиз бу борада нималарни биласиз?

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.5
t
×