Сурхондарёдаги постдан ўтказилаётган анор шарбатлари ичидан гиёҳвандлик моддаси чиқди
Жамият
−
05 Май 2023
7223Сурхондарёда анор шарбатлари орасида синтетик гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистонга олиб кираётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келган юк автотранспорт воситаси ҳужжатларга кўра, 9 000 дона пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган бўлиб, пойтахтдаги МЧЖдан бирининг номига юборилган.
Аммо божхона органлари фаолиятига жорий қилинган “Хавфларни бошқариш” тизимида юклар “қизил” йўлакка йўналтирилган. Шундан сўнг ушбу юк автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик давомида шубҳага сабаб бўлган жиҳат шундаки, айрим анор шарбати идишларига “М” ҳарфи белгиси туширилган бўлиб, айнан шу идишлардаги шарбатнинг ранги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қилган. Қолаверса, айнан шу идишлар очиб кўрилганида, идиш оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам муқаддам очилгани шубҳаларни янада орттирган.
Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлашга хизмат қилувчи синама кўмагида ушбу шарбат текшириб кўрилганида унинг таркибида “Метамфетамин” номли синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Айнан “М” ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 килограммни ташкил қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, метамфетамин моддаси мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси