Сурхондарёда ЙПХ ходимини калтаклаган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

3-саҳифа 6746
image

Сурхондарёда Йўл-патруль хизмати ходимини уриб, унга тан жароҳати етказган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишининг тергови давомида уга нисбатан суд ажрими билан “қамоқ”қа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 апрель куни соат таҳминан 17:30 да вилоят ЙПХ катта инспектори катта сержант А.Камолов тасдиқланган жойлашув тақсимотига асосан Термиз шаҳар ҳудудида ўз хизмат вазифасини бажараётган бўлган. Шу пайт Термиз шаҳар Бўстон маҳалласи Ибн-Сино кўчасидан Темир йўл бекати томонга ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 автомобили ҳайдовчиси А.Ж. ҳаракат давомида хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани учун у тўхташ ишораси бериб, уловни тўхтатган ва ўзини таништирган. Сўнг қонунда белгиланган тартибда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган. 

Фуқаро А.Ж. ҳужжатларни тақдим этмасдан турли хил важлар келтириб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, ҳужжатларни тақдим этмагани учун ЙПХ катта инспектори А.Камолов А.Ж.га тегишли автомобилни жарима майдончасига олиб кетмоқчи бўлган. У ўз хизмат вазифасини бажариши давомида, фуқаро А.Ж. жавобгарликдан қутилиш мақсадида ЙПХ инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг хизмат вазифасини бажаришга қаршилик қилган ва ЙПХ катта инспектори Камоловнинг бош, пешона ҳамда юз соҳасига уриб “енгил” тан жароҳати етказган. 

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 12 апрель куни А.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг тергови давомида А.Ж.га нисбатан суд ажрими билан “қамоқ”қа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 255
Рейтинг: 2.9
t
×