Сурхондарёда ўқувчини дўппослаган ўқитувчи, мактаб директори ва унинг “зам”лари ишдан олинди
Олам
−
16 Май 2022
13203Сурхондарёнинг Бандихон туманидаги мактабда ўқувчисини калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Унга қўшилиб мактаб директори ва унинг икки ўринбосари ҳамда синф раҳбари ҳам ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси хабар берди.
Бандихон тумани 4-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш нинг 9-Б синф ўқувчиси Х.И.ни калтаклангани юзасидан вилоят ХТБнинг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълум бўлишича, мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. 1992 йил 17 августда Бандихон туманида туғилган, уйланмаган. Маълумоти олий, 2019 йил Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг Инглиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаган, 2019 йилдан Бандихон туманидаги 4-сонли мактабга ишга қабул қилинган.
Ўқитувчи томонидан ўқувчини калтаклаган ҳолати жорий йилнинг 27 апрель куни содир бўлган. 4-сонли умумтаълим мактабининг Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. ўша куни дарс жадвали асосида 9-Б синф ўқувчиларига дарс машғулотларини ўтган. Дарс машғулоти давомида 9-Б синф раҳбари Э.Ж. синф хонага кириб келиб, 9-Б синф ўқувчиларининг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганини муҳокама қилган. 9-Б синф ўқувчиси Х.И. 9-Б синф раҳбари Э.Ж. ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш.га гап қайтаргани учун Ю.Ш. жаҳл устида Х.И.ни калтаклаган. Ушбу ҳолат 9-Б синф ўқувчилари томонидан видеотасвирга олинган ва 15 май куни ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Ушбу масала бўйича туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва туман халқ таълим бўлими масъул ходимлари томонидан мактабда ўрганиш ўтказилиб, педагог жамоа аъзолари ва ўқитувчилар билан таълим-тарбия жараёни бўйича суҳбат ўтказилган ҳамда 27 апрель куни содир бўлган воқеага аниқлик киритилган
Ушбу мактабнинг 9-А синфи ўқувчилари билан тенгдоши Х.И. ҳақида фикр сўралганда ушбу синф ўқувчилари томонидан 9-Б синфдаги айрим ўқувчилар мактабда “Одоб-ахлоқ қоидалари”га риоя қилмаслиги ҳамда тенгдошлари билан турли-хил жанжалли ҳолатлар бир неча маротаба кузатилганини билдирган. Уларнинг ота-оналарига фарзандларининг хулқи ва дарсга тайёрланмасдан келиши юзасидан алоҳида кўрсатмалар берилган.
Мактабда таълим-тарбия ишларини ҳамда педагог ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва ички меҳнат тартиб қоидаларига амал қилишини етарли равишда назорат қилмагани учун Бандихон тумани 4-мактаб директори Х.Б. дан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида бошқарма бошлиғи номига аризаси олинган.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари О.С, ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Н.А. ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. ва 9-Б синф раҳбари Э.Ж. билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманидаги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келганлиги учун уни урганини маълум қилганди. БП воқеа жорий йилнинг 22 апрель куни содир бўлганини билдирган.
LiveБарчаси