Сурхондарёда туман тиббиёт бирлашмаси “Хўжайикон” ғоридан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди
Жамият
−
20 Июль 2022
13435Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Хўжайикон” туз ғоридан туман тиббиёт бирлашмаси ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд. Хусусан, ушбу объектдан Сурхондарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибидаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса маданий мерос объектининг муҳофазасини таъминлашда бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
“Хўжайикон” туз ғори 1989-йилда очилган бўлиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Кўхитанг тоғ тизмаси этакларининг жануби-шарқий ёнбағирида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган.
“Хўжайкон” туз ғори маданий мерос объектини асраб авайлаш, уни давлат муҳофазасига олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2019-йил 4-октябрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2019-йил 4-октябрдаги 846-сонли ҳамда 2021-йил 3-мартдаги 119-сонли қарорлари билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Оқтошота қишлоғи, “Чорбоғ” МФЙда жойлашган “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос обекти “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.
Мазкур қарорлар доирасида “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи олинган.
“Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш ҳамда эгалик ҳуқуқи асосида барча турдаги ташрифчилар учун иш фаолиятини ташкил этиш мақсадида Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилинган.
Сурхондарё вилоят ССБ томонидан бу масала эътиборсиз қолдирилгани сабабли, “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектидан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасининг мажбурий тартибда чиқарилишини сўраб, жорий йилнинг 18 апрель куни “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан Термиз тумани туманлараро иқтисодий судига даво аризаси киритилган.
Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан якуний суд қарори чиқарилишида “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши юзасидан Термиз туманлараро маъмурий суди қарори чиқарилиши кутиляпти.
Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг 15 июль куни Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб ўтилган ишда “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг “Термиз” давлат музей-қўриқхонасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб беришдаги хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилмоқда.
"Таъкидлаш лозим музей-қўриқхона “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объекти халқимизга янада кўпроқ самара келтириши ва келажак авлодга безарар етиб бориши учун бир қатор тадбирларни мақсад қилган. Хусусан, “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектидан тиббиёт даволаш мақсадида ҳам фойдаланилиб, давлат ва хусусий санаториялар билан кенг ҳамкорлик олиб борилиши, халқаро миқёсдаги диққатга сазовор жойлардан бирига айлантирилиши, маҳаллий ва хорижий ташрифчиларнинг эко ва тиббиёт туризми доирасида кенг жалб этилиши, маблағ тушумларининг тартибга солиниши ва мазкур маблағлар бюджет маблағлари сифатида йўналтирилиши ҳамда энг асосийси — мазкур маданий мерос объекти давлат муҳофазасида ишончли сақланиши учун “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси балансида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида қолдирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади", дейилади агентлик хабарида.
Маълумот учун, моддий маданий мерос объекти ҳисобланадиган “Хўжайкон” туз ғорининг ички қисмида санъат галереялари тизими билан биргаликда бир-биридан ҳарорат, намлик, босим ва микроиқлим бўйича фарқ қилувчи бешта хона-камералар мавжуд. Ғор деворлари ўзига хос тарзда бир сантиметрдан уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ мавжуд. Ушбу ғор муҳитида нафас йўлларининг аллергик касалликлари, узоқ давом этадиган ўткир ва сурункали бронхит, астма, пневмония асоратлари, иммунитети пасайган беморлар ва тери касалликларини даволашда фойдали қўшимчалар мавжуд.