Сурхондарёда тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари салкам 315 млн сўмни “еб юборди”
Жамият
−
09 Июль 2021
4220Сурхондарё вилояти Термиз туманида тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари салкам 315 млн сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси томонидан Термиз тумани тиббиёт бирлашмасида 2017 йил сентябрь ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича Термиз тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан 7 та ҳолатда жами 313 миллион 655 минг 223 сўм маблағларини иш ҳақи ва мукофот пули сифатида чиқим қилиб, тўлов қайдномаларига ходимларнинг имзоларини, уларнинг ўрнидан қалбакилаштириб қўйиб, ҳақиқатда пул маблағини уларга бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани ҳолатлари аниқланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан жорий йил 10 июнда Термиз тумани прокуратураси томонидан туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
LiveБарчаси