Сурхондарёда икки МИБ ходимини калтаклаганларга нисбатан жиноят иши очилди

Жамият

image

Аввалроқ, Сурхондарёда қарздор оиланинг уйига кириб электрни узмоқчи бўлган МИБ ходими калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Мажбурий ижро бюроси Сурхондарёда бўлган воқеа бўйича расмий маълумот берди.

МИБ Матбуот хизмати хабарига кўра, видеоси тарқалган воқеа Сурхондарёнинг Шеробод туманида юз берган. Бюронинг Шеробод туман бўлими давлат инспекторлари А. Эшонқулов, С. Фозилов ва П. Тайлановлар биргаликда жорий йилнинг 29 июнь куни соат тахминан 11:05 ларда тумандаги “Ғўрин-Гиламбоб” маҳалласи “Дўстлик” кўчаси 112-уйда яшовчи Б. Нормуродовнинг яшаш хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорлигини аниқлаш юзасидан кўрик (обход) ўтказаётган. Ўша вақтда хонадон эгасининг фарзандлари Э. Бердимуродов, У. Нормуродов ва Л. Нормуродовлар биргаликда хизмат вазифасини бажараётган бўлим давлат инспекторларининг қонуний ҳаракатига фаол қаршилик қилиб, давлат инспекторлари А. Эшонқулов ва П. Тайлановларнинг дуч келган жойларига уриб, тан жароҳати етказиб, хизмат фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Ҳодиса жойига туман прокурори С. Н. Махманов, туман прокуратураси терговчиси Х. Азимов, туман ИИБ бошлиғи М. Қўнғиротов, туман ИИБ ЭКГ эксперти Х. Худоёров ва бошқа тергов тезкор гуруҳи аъзолари чиқишган. 

Туман суд-тиббиёт экспертизасининг жорий йил 3 июлидаги 334-сонли хулосасига кўра, давлат инспектори А. Эшонқуловга “Соғликнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” ва 335-сонли хулосасига кўра, давлат инспектори П. Тайлановга “Енгил” тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йил 3 июлда туман прокуратураси томонидан фуқаролар Э. Бердимуродов ва Л. Нормуродовларга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

жанжал МИБ Шеробод

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг