Сурхондарёда Damas ҳайдовчиси пиёдаларни уриб юборди. Қурбонлар бор

Жамият 3780
image

Кеча, 6 май куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар пиёда ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

ЙТҲ тахминан соат 22:45 ларда Шеробод тумани “Каттабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтган 4-H 601 автомобиль йўлининг 6-километрида юз берган. Туманнинг “Чуйинчи” маҳалласида яшовчи 31 ёшли фуқаро П.С бошқарувидаги Damas русумли автомашинасини туманнинг “Каттабоғ-Қуллуқшо” маҳалласи йўналишида бошқариб кетаётган вақтида ўзининг йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган пиёдаларни автомашинанинг олд ўнг томони билан уриб юборган.

Қолаверса, ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолган, турли даражадаги тан жароҳатлари олган пиёдаларга ёрдам кўрсатмасдан қасддан воқеа жойидан қочиб кетган. Содир этилган ЙТҲ натижасида пиёдалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан С.А ва Ю.О. шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман бўйича “Тўсиб ушлаш” режаси амалга оширилиб, кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи П.С. қўлга олинган.

Шеробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ҳайдовчи П.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди ва 117-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Камола Амирова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3
t
×