Сурхондарёда Александр Федин яратган ўрмонзор “Дендрология боғи”га айлантирилади
Жамият
−
21 июн 4850 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида экологик фидойи Александр Федин билан учрашиб, “Оқтепа” сув омбори ҳудудида барпо этилган ўрмонзорни кўздан кечирди. Бу ҳақда қўмитанинг ижтимоий тармоқларида хабар берилди.
Учрашув давомида Александр Федин давлат ҳимоясига олиниши ва Экология қўмитаси тизимидаги Ўрмон агентлигига ишга қабул қилиниши маълум қилинган.
Шунингдек, “Оқтепа” сув омбори ҳудудида йиллар давомида шаклланган ноёб дарахтзор, ёввойи ҳайвонлар ва қушлар яшаш муҳитига эга бўлган ҳудуд негизида “Дендрология боғи” ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, боғни ривожлантириш ва уни сақлаш учун қўшимча инфратузилма яратилади, жумладан ҳудудда ходимлар учун зарур шароитлар ва техник воситалар, хусусан квадросикллар билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Александр Федин учун боғ ҳудудида яшаш учун кичик уй-жой ҳам барпо этилиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, Александр Федин 1959 йилда Тожикистонда туғилган, чақалоқлигида эса ота-онаси Сурхондарёга кўчиб ўтган. У Жарқўрғон туманида вояга етган, ўзбек тилида қўнғирот шевасида сўзлашади.
1986 йилда унинг қариндошлари Россияга қайтади. Унга ҳам Тамбов шаҳрига келишини кўп бора айтишади. Таътилларда бориб келиши, лекин у ёқдан тез зерикиб қолишини айтган Федин Россиядаги ўрмонларга ҳавас қилиб қайтганини эслайди.
Федин 1989 йилда Жарқўрғонда давлатдан 4 гектар ер олган. Қаттиқ ва ташландиқ жойга дарахт экиб, боғ қилган. Шундан кейин унга яна 80 гектар ер берилган.
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси маълумотларига кўра, умумий майдони 84 гектар бўлган бу ўрмонзорда 30 турга яқин жонивор, 500 турдан ортиқ дарахт мавжуд (шулардан 50 турдаги дарахт ва 12 турдаги ҳайвон “Қизил китоб”га киритилган).
Александр Федин боғдаги мавжуд флора ва фауна оламининг янги турларини кашф этиш, мавжудларини илмий ўрганиш учун университет талабаларига ҳам экскурсиялар ташкил қилган.
2023 йилнинг 18 июлида ўрмонзорга борган вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов кичик ўрмонзор бўлган хўжалик ҳудудини асраш, флора ва фауна хилма-хиллигини ошириш, белгиланган талаблар асосида овчиликни йўлга қўйиш орқали экотуризмни ривожлантириш кераклигини таъкидлаган.
Live
Барчаси