Суриядан олиб келинган болалар ҳозир қаерда?

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси билан 2019 йилдан бошлаб Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан ўзбекистонлик бўлган аёллар, кексалар ва болаларни олиб келишга қаратилган “Меҳр” операцияси ўтказиб келинмоқда. Бугунгача ўтказилган тўртта махсус операцияда Яқин Шарқ ва Афғонистондан жами 400 дан ортиқ фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди.

Қайтарилган фуқаролар аёллар ва болалар бўлиб,уларнинг орасида чин етимлари ҳам бор. Бугунги кунда чин етим болалар қариндошларининг қарамоғига берилган, ҳеч кими йўқлар эса давлат оталиғига олинган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудасман) Котибиятининг Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Саттор Раҳматов UNICEF кўмаги билан ташкил қилинган “Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерацияси ўртасида қуролли можаро ҳудудларидаги болалар ва аёлларни ўз Ватанига қайтариш ва уларни жамиятга самарали реинтеграцияси бўйича ҳамкорлик” масалалари муҳокамасида  ўтказилган конференцияда айтиб ўтди.

Ушбу конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, шунингдек Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aнна Кузнецова, Тожикистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ражабмо Ҳабибулозода, Қозоғистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aружан Саин, Қирғизистон Республикаси Омбудсман котибиятининг болалар, аёллар ва оилалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлими мутахассиси Бубусара Aнарбек қизи, UNICEF`нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Aфшан Хан ҳамда яна бир қатор вакиллар онлайн тарзда қатнашди.

“UNICEF ушбу илғор тажриба алмашинувига кўмак беришдан мамнун бўлиб, бугун ушбу анжуманда иштирок этаётган барча мамлакатлар билан ҳамкорликни давом эттиришга умид қилади, чунки биз қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун биргаликда иш олиб борамиз", деди Aфшан Хан.

Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистонга олиб келинган болаларга қандай ижтимой ёрдамлар берилаётгани, уларнинг ҳозирги кундаги аҳволи ҳақида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Котибиятининг бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Саттор Раҳматов маълумот берди.

Рўзимурод Бердиев, журналист: – Олиб келинган болалар ичида чин етимлар ҳам бор. Улар ҳозир қаерда яшамоқда, болалар уйидами?

Саттор Раҳматов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибиятининг бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири: – Бизда “қаровсиз болалар” деган тушунча бор. Бу “Бола ҳуқуқлари ҳақидаги конвенция”да ҳам белгилаб қўйилган. Ота-онасиз болалар тўлиқлигича давлат қарамоғига олинади. Уларни жойлаштиришга келсак, нафақат болалар уйи, балки бола учун муқобил жой танланиши ҳам мумкин.

Р.Б.: – Сурия ва Ироқдаги жанггоҳларда бўлган фуқаролар Ўзбекистонга қайтганганидан кейин жиноий жавобгарликка тортиладими?

С.Р.: – Сурия ва Ироқда бўлаётган урушларда иштирок этмаган фуқаролар Ватанга қайтганидан кейин жиноий жавобгарликка тортилмайди. Лекин урушда қатнашган бўлса, албатта, қонун олдида жавоб беради. Халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган ҳар қандай фуқаро ўз жазосини олади.

Конференция давомида Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Aлия Юнусова ушбу давра суҳбатини ташкил этган UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Мунир Мамедзадага ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда бу каби операциялар қанчалик муҳим эканини таъкидлади.

“Бугунги кунга қадар Ўзбекистон “Меҳр” инсонпарварлик операциялари доирасида, Қозоғистон “Жусан” ва “Русафа” операциялари доирасида, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Россия Федерацияси ўз фуқароларини Ватанига қайтарди. Эътироф этаманки, фуқароларнинг қуролли можаролар ҳудудидан ўз Ватанига қайтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва Конституциявий ваколати доирасида амалга оширган ишлари муҳим омил бўлди”, дейди Aлия Юнусова.

Рўзимурод Бердиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг