Сурияда минглаб одамларни ўлимга ҳукм қилган судья ҳибсга олинди
Олам
−
28 Декабрь 2024 12088 2 дақиқа
Суриянинг муваққат ҳукумат кучлари собиқ ҳарбий судья Муҳаммад Канжо Ҳасанни ҳибсга олди. У Башар Асад режими даврида машҳур Сайдная қамоқхонасида маҳбусларни ўлимга ҳукм қилган. Бу ҳақда Сурия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилотига (SOHR) таяниб, “Euronews” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Муҳаммад Канжо Ҳасан Тартус вилоятида Асад кланининг асосий ҳудудларидан бирида 20 нафар ҳамроҳи билан бирга қўлга олинган. У Сайдная қамоқхонасидаги маҳбусларга минглаб ҳукмлар, жумладан, ўлим ҳукмларини чиқарган. Муҳаммад Канжо Ҳасанни қўлга тушириш амалиёти давомида 17 киши ҳалок бўлган, шундан 3 нафари собиқ тузум ва 14 нафари янги ҳукумат одамлари бўлган.
Сайдная қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар бўйича уюшма (ADMSP) асосчиларидан бири Диаб Серриянинг маълум қилишича, Канжо Ҳасан 2011 йилдан 2014 йилгача Суриядаги фуқаролар уруши бошланган дастлабки уч йил давомида Сурия ҳарбий дала судига раҳбарлик қилган. Кейинчалик у Суриянинг бутун ҳарбий адлия тизими бошлиғи лавозимига кўтарилган. Серриянинг билдиришича, Канжо Ҳасан минглаб одамларни “бир неча дақиқа” давом этган суд жараёнларида ўлимга ҳукм қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг “Оқ дубулғалилар” деб номланувчи фуқаролик мудофааси гуруҳи мамлакатдаги машҳур Сайдная қамоқхонасида сақланиб келган ва омон қолган одамларнинг яширин ерости камераларида сақланаётгани ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилган эди.