Сурия коронавирус зарбасига дош бера оладими?

Олам 3760
image

Халқаро гуманитар ёрдам ташкилоти “Чегара билмас шифокорлар” (MSF) Суриянинг коронавирус пандемиясига қарши курашга тайёрлиги ва мамлакатнинг шимолий-шарқида COVID-19 туфайли биринчи ўлим ҳақида хабарлар тарқалишидан хавотирда эканлигини билдирди.

Ташкилотнинг маълум қилишича, тўққиз йиллик можаролар ва мамлакатнинг шимоли-шарқидаги урушлар соғлиқни сақлаш тизимига жиддий зарар етказди. Кўпгина тиббий муассасалар ишламаяпти, ишлаётганларида ҳам муаммолар етарлича. Дори-дармонлар ва тиббиёт ходимларининг етишмаслиги, соғлиқни сақлаш тизимининг заифлиги сабаб мамлакат вируснинг тарқалишига қарши курашда етарли даражада жавоб бера олмайди.

“Чегара билмас шифокорлар” минтақадаги айрим тиббий муассасалар коронавирусга чалинган беморларни тезда қамраб олишига умид билдирмоқда.

MSF маҳаллий соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Сурияни коронавирус билан касалланганлар сонини кўпайишига тайёрлаш учун ишламоқда.

“Биз тестлар, касалхоналар, шахсий ҳимоя воситаларининг йўқлигидан жуда хавотирланяпмиз”, деди Сурияда фавқулодда вазиятда “Чегара билмас шифокорлар” директори Кристал Ван Леувен.

Сурия ҳукумати 25 март кундан комендантлик соати жорий қилди, 18:00 дан 6:00 гача мамлакатнинг барча аҳоли пунктларида кўчага чиқиш тақиқланди, дам олиш кунлари тақиқ 12:00 дан бошланади. Аэропортлар, денгиз портлари ва қуруқликдаги чегара пунктлари фаолияти тўхтатилди. Аҳоли пунктларида озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар ишлашни давом эттирмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Сурияда 38 та инфекция юқтириш ҳолати расман тасдиқланган. Беморлардан икки киши вафот этган ва беш киши соғайган.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 130
Рейтинг: 2.8
t
×