Сўнгги умид. Мун Чже Ин кетар жафосига Ким Чен Ин билан ярашмоқчи
Олам
−
04 Январь 2022
7639Жорий йилнинг май ойида ваколати тугайдиган Жанубий Корея Президенти Мун Чже Ин КХДР билан ярашиш битимини имзолашга ваъда берди. У ўзининг раҳбарликдаги сўнгги ойини Пхеньян сукут сақлаётганига қарамасдан тинчлик декларациясини имзолаш учун сарфламоқчи.
"Мен барқарор тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни тўхтатмайман. Ҳукумат Кореялараро муносабатларни нормаллаштириш ва тинчликка эришиш борасида қайтмас йўлдан боради. Умид қиламанки, кейинги маъмурият ҳам мулоқот учун саъй-ҳаракатларни давом эттиради”, деган Мун Чже Ин кеча, 3 январь куни халққа йўллаган сўнгги Янги йил мурожаатида.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин эса Янги йил арафасида халққа қилган мурожаатида асосий эътиборни иқтисод ва аҳоли ҳаётини яхшилаш борасидаги режаларга қаратган. Ҳокимиятга келганига 10 йил тўлган Ким Чен Ин, Жанубий Корея Президентининг 1950-53 йиллардаги Корея урушини расман тугатувчи декларацияни имзолаш ёки Қўшма Штатлар билан ядросизланиш бўйича музокараларга эришиш ҳақидаги чақириқларига тўхталмаган ҳам.
Бунга қадар, Президент Мун КХДР раҳбари билан бир нечта саммитлар ўтказган, 2018-2019 йиллар мобайнида икки давлат ўртасида олиб борилган самарасиз тинчлик музокаралари шулар жумласидан. Ўшанда халқаро ташкилотлар КХДРга ядровий арсеналлардан воз кечиш ҳақида талаб қўйган. Пхеньян эса Вашингтон ва Сеулдан санкциялардан воз кечиб, “душманлик руҳидаги сиёсат”ни тўхтатишни сўраган. Аммо, музокаралар якунида ҳеч қандай келишувга эришилмаган.
Мун икки давлат ўртасида тўхтаб қолган музокараларни жонлантириш мақсадида “уруш тугаганлиги ҳақидаги декларация”ни имзолашга интилмоқда.
Ҳозирча Шимолий Корея ушбу чақириққа ошкора жавоб бергани йўқ. АҚШнинг фикрича, Пхеньян келишувга розилик беради, аммо бу тез содир бўладиган ҳодиса эмас.
“Олдимизда ҳали узоқ йўл борлиги ҳақиқат, агар икки Корея келишувга эришадиган бўлса, халқаро ҳамжамият унга хайрихоҳ бўлади”, дея таъкидлаган Жанубий Корея раҳбари.
Жорий йилнинг 9 март куни Жанубий Кореяда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Олиб борилаётган сўровномаларга кўра, ҳозирда ҳукуматни бошқараётган Ли Чже Мён партияси рақибларидан ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон 2020 йил сентябръ ойида КХДР Жанубий Корея билан ҳар қандай сулҳга тайёрлигини таъкидлаганди. Бунинг учун у Жанубий Кореядан АҚШ ҳарбий базаларини чиқариб юборишни талаб қилган. Ўз навбатида АҚШ Шимолий Кореяга ярдо қуролларидан воз кечиш ҳақида шарт қўйган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси