Сўнгги диктатор
Таҳлил
−
19 Январь 2022
17604“Мен шу ерда туғилганман, шу ерда ўламан!
Менга нима бўлишидан қатъи назар!”.
Беларусь раҳбари Александр Лукашенко
Жорий йилнинг 10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоанжуманида Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақида айтган сўзлари кўпчиликни ғазаблантирди.
Биринчи Президентлик муддатига сайланганида “мен икки муддатдан ортиқ ҳокимиятда қолмайман”, деб ўз халқига сўз берган Лукашенко, мана 26 йил бўлибдики, ҳамон иқтидорда.
Сиёсат оламида “Батька” лақабини олган, Европа остонасида туриб, диомо Москва томон интиладиган, Ғарбда “Европанинг сўнгги диктатори”, дея эътироф этиладиган Лукашенко аслида ким? У қандай қилиб ҳокимият тепасига келган? Бугун шу ҳақида сўз юритамиз.
Отасиз ўсган Лукашенко
Александр Лукашенко 1954 йил 30 август куни Витебск областининг Копис шаҳарчасида дунё келган. Унинг онаси Екатерина Трофимовна Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, урушдан кейин шаҳардаги комбинатда ишлаган. Лукашенконинг отаси ким экани ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бўлажак диктатор отасиз ўсган. Мактабни қониқарсиз баҳолар билан битирган Лукашенко, 1975 йилда Могилёв педагогика институтини тарих йўналишини тамомлади. 1985 йилда эса у Беларусь қишлоқ хўжалиги академиясини сиртдан тамомлаб, иккинчи дипломини ҳам қўлга киритди. Лукашенко икки йил давомида КГБ (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси) чегара қўшинларида хизмат қилди. Ҳарбий хизматдан ҳақиқий эркак бўлиб қайтган Саша, бир муддат комсомол қўмитаси котиби лавозимида ишлади. Шунинг учун ҳам унинг гап-сўзларида тўпорилик бор.
Сиёсатга кириш
Бўлажак диктатор 1985 йилнинг март ойида Могилёв сайлов округидан депутатликка номзод сифатида кўрсатилди. Аммо Лукашенко ўз рақиби Вячеслав Кебичга тахминан 5 фоиз фарқ билан ютқазди. 1990 йилда ниҳоят Беларусь халқ депутати ва Олий Совет муваққат кенгаши аъзосига айланади. Шундан сўнг, Лукашенко Москвага кетди. Саша Москвада кўплаб сиёсатчилар билан танишди. Айрим партия лидерлари билан яқин дўст ҳам бўлиб қолди.
1991 йил 25 май куни Лукашенко “Диктатура: беларусча вариант?” номли мақола ёзиб “Народная” газетасида чоп эттирди. Саша ўз мақоласида, ҳокимият вакилларини авторитар бошқарувга интилиш ва сиёсий диктатура яратишда айблаб, ўзининг “демократик” қарашларини ифода этди. Бу билан у халқнинг оғзига тушмоқчи бўлди.
1991 йилнинг октябрь ойида Минскда демократик партия яратиш бўйича қурултой бўлиб ўтди. “Демократия”ни гапириб бонг ураётган Лукашенко бу йиғилишда фаол иштирок этди. Қурултой натижасида янги “Халқ келишуви партияси” тузилди. Тоталитар бошқарувни танқид қилган Саша партиянинг раисларидан бири этиб тайинланди.
1991 йилнинг декабрь ойида СССР парчалангач, Беларусь суверен давлат мақомига эга бўлди. Москвадан қайтган Лукашенко учун бу айни муддао эди. У мамлакатдаги коррупция ва бошқарувдаги ўзбошимчаликларни чиройли танқид қилди. Бу танқидлар тезда ўз мевасини тугди. Секин-аста халқ Лукашенкога эътибор қаратди.
Колхозчининг Президент бўлиши
Лукашенко 1994 йилги президентлик сайловига ўз номзодини илгари сурди. Унинг атрофида ўзи каби ёш сиёсатчилар жамланди. Хусусан Лукашенконинг сайловолди гуруҳида В.Гончар, В.Цепкало, А.Федута, В.Терещенко, И.Титенков, А.Лебедько, В.Шейман каби ёш сиёсатчилар бор эди. У ўзининг сайловолди дастурида халққа аҳолининг қашшоқлашувига йўл қўймаслик, коррупцияни таг-туги билан йўқотишни, Россия ва собиқ совет таркибида кирган республикалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни ваъда берди.
Лукашенко ўзини ҳақиқий “демократ” қилиб кўрсатиш учун ўзига нисбатан суиқасд ташкил қилди. 1994 йил 16 июнь куни Саша автомобилда Витебск вилоятининг Лиозно қишлоғи ёнидан ўтиб кетаётганида, у ўтирган автомобиль ўққа тутилди. Лукашенкога ҳеч қандай зарар етмади. Етиши ҳам керак эмасди. Чунки бу воқеа Сашанинг обрўсини ошириш учун уюштирилган эди.
Лукашенконинг ҳақиқий “демократ” эканлигига ишонган халқ унга овоз берди. “Батmка” сайловнинг биринчи турида 44 фоиз овоз олди. Иккинчи турlа эса 80,1 фоиз овоз тўплаб, мустақил Беларуснинг биринчи Президентига айланди. Унга қадар бу мамлакатда президентлик лавозими бўлмаган.
Абадий ҳокимиятга қадам
Иқтидорга келган Лукашенко халққа берган ваъдалари шунчаки қуруқ ваъда эканини исботлади. У абадий ҳокимиятда қолишни кўзлади ва шу мақсадда бир қатор ишларни амалга оширди. 1996 йилдаги референдумда Лукашенконинг асл юзи фош бўлди. 1996 йилнинг октябрь ойида биринчи бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси бўлиб, унда Конституцияга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, президентлик муддатини қайтадан ҳисоблаш бошланди. Президентнинг ваколатлари чексиз қилиб белгиланди. Бир сўз билан айтганда, Лукашенко ҳақиқий диктаторга айланди. АҚШ ва Европа Иттифоқи табиийки, бу референдумни тан олмади.
1996 йилда Беларусь Олий Кенгашининг 70 депутати Лукашенко Конституцияни бузгани учун унга импичмент эълон қилди. “Батька” ўзининг янги ваколатларидан дарҳол фойдаланиб, Олий Кенгашни тарқатиб юборди. Полиция парламент биносини қуршаб олиб, Беларусь Бош вазири ва етти нафар судьяни қўлга олди. Боши кетишидан қўрққан депутатлар импичмент тўғрисидаги аризани қайтариб олди. Курсига мустаҳкам ўрнашиб олган Лукашенко дарҳол Олий Кенгаш ўрнига икки палатали Миллий Ассамблеяни тузди ва унга “Луканшенкопарвар” одамларни тайинлади.
“Батька” махсус КГБ ташкил этиб, ҳокимиятни ўз қўлида тўплади. Мамлакатда мустақил матбуот ва мухолифатчиларни таъқиб қилиш бошланди. 1991-2000 йилларда уч нафар мухолифатчи В.Гончар ва Д.Завадский сирли тарзда ғойиб бўлди. Рус тилига давлат тили мақоми берилди. Лукашенко Россияни ўзининг “Катта оғаси” деб билиб, борди келдиларни йўлга қўйди.
2001 йилда бўлиб ўтган сайловда Лукашенко 75 фоиз овоз билан иккинчи муддатга сайланди. Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти сайлов халқаро стандартларга зид ўтказилганини қайд этди. Ундан кейинги сайловларнинг барчаси танқидлар, намойишлар, ортидан эса, санкциялар билан қоришиб кетди. АҚШ ва Европа сайлов натижаларини тан олмади. Ўз навбатида Лукашенко ҳам мамлакатдаги намойишларда Ғарбнинг қўли борлигини таъкидлаб келади.
2020 йил 9 август куни Беларусда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда одатдагидек Лукашенко ғолиб бўлиб, олтинчи муддатга сайланди. Шундан сўнг мамлакатда оммавий намойишлар бошланди. Юз минглаб беларуслик ўз диктаторга қарши кўчага чиқди. Аммо бу митинглар махсус кучлар томонидан “юмшоқлик” билан бостирилди. Халқнинг норозилигига қарамай, 23 сентябрь куни махфий тарзда инаугурация маросимини бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари, АҚШ ва Украина Лукашенкони қонуний Президент сифатида тан олмайди
Халқаро қоидаларни писанд қилмайдиган диктатор
Лукашенко халқаро қоидаларни писанд қилмайди. Ўқувчида “буни нимада кўришимиз мумкин”, деган савол пайдо бўлиши табиий. Бунга мисол қилиб иккита воқеани эслаш кифоя.
Биринчи воқеа 2021 йилнинг май ойида содир бўлди. Беларусь махсус кучлари мамлакат ҳудудидан учиб ўтаётган самолётни тўхтатиб, ерга қўндирди. Учоқда беларуслик машҳур мухолифатчи Роман Протасевич бўлиб, у аэропортда махсус кучлар томонидан қўлга олинган. Бу бевосита Халқаро қоидалар Беларусь ҳудудида бир чақага ҳам арзимаслигини кўрсатади.
Иккинчи воқеа жорий йилнинг 10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоанжуманида юз берди. Унда Беларусь раҳбари Қозоғистондаги ҳолат Ўзбекистонда ҳам кузатилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.
“Аввало, Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак. Агар бу сабоқлар олинмаса, биздаги маълумотларга кўра, уларнинг (экстремистлар – таҳр.) диққати Ўзбекистонга қаратилади”, деган Лукашенко.
Беларусь Президентининг Ўзбекистон ҳақида айтган сўзлари кун мавзусига айланди. Кўплаб ўзбекистонлик сиёсатчилар Лукашенконинг гапини шантаж деб баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши кенгайтирилган йиғилишида Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенконинг КХШТ йиғилишида айтган гапларига муносабат билдирди.
“Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди.
Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз.
Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз”, деди давлат раҳбари.
Бугунги кунда АҚШ ва Европа Беларусь санкцияларга кўмиб ташлаган. Халқ Лукашенкони иқтидорда қолишини истамаяпти. Одамларнинг сабри тугади, мадори қолмади. Мамлакатни умидсизлик ва келажакка бўлган ишончсизлик, қўрқув қуршаб олган. Инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ҳар қадамда поймол қилинмоқда. Ҳақиқатни айтганларга қурол ўқталиняпти, ҳаққини талаб қилганларга террорист тамғаси ёпиштириляпти. Ўзи қолиб, оиласи, боласи, яқинлари сазойи қилиняпти. Айни вазиятда “Батька” ҳар қандай йўл билан ўз ҳукуматининг қонуний эканлигини исботлаш учун жон олиб, жон бермоқда. Шундай ҳолатда ўзи ўтирган курсиси қимирлаб қолган Лукашенконинг бошқа давлатга ақл ўргатиши кулгули.
LiveБарчаси