Сунак Зеленский билан учрашди. Британия Украинага янги қуроллар ваъда қилди

Олам 4494
image

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак бугун, 19 ноябрь куни Киевга ташриф билан келди ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказди, унда хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг Telegram каналида маълум қилди ва учрашувдан видеони жойлаштирди.

Видеода Сунак Украина Президенти қароргоҳига машинада қандай етиб келгани, Зеленский уни кираверишда кутиб олгани кўрсатилган.

“Бугунги учрашувда мамлакатларимиз учун ҳам, глобал хавфсизлик учун ҳам энг муҳим масалаларни муҳокама қилдик”, деб ёзади Зеленский.

У Буюк Британия ва Украина “биргаликда кучлироқ” эканини ва “исталган натижага” эриша олишини таъкидлаган.

Британия ҳукумати раҳбари девони Риши Сунак Зеленский билан учрашганидан кейин расмий Лондон Украинага 125 та зенит қуроли ва ҳаво мудофааси ва дронлар ҳужумидан яхшироқ ҳимояланиши учун махсус техникалар етказиб берилишини эълон қилди.

“Бугун биз [Украинани] янги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, жумладан, зенит қуроллари, радарлар ва дронлар билан таъминламоқдамиз, шунингдек, совуқ ва қаттиқ қиш арафасида Украинага кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширмоқдамиз”, деган Сунак.

Хабарда қайд этилишича, ҳарбий ёрдамнинг янги пакети ҳажми 50 миллион фунт стерлингни (59,5 миллион доллар) ташкил этади. Учрашувда Сунак ва Зеленский Украинани можаро тугаганидан кейин “қайта қуриш режалари”ни ҳам муҳокама қилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 125
Рейтинг: 3
t
×