Сунак ва Шольц Киевга ёрдамни рекорд даражага чиқариш кераклигини айтди
Олам
−
18 Февраль 2023
4853Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Германия канцлери Олаф Шольц Украинани қўллаб-қувватлашни рекорд даражада ушлаб туриш зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Мюнхенда бўлиб ўтган етакчилар учрашувидан сўнг Сунак идораси тарқатган баёнотда айтилди.
“Раҳбарлар Украинани қўллаб-қувватлашни рекорд даражада ушлаб туриш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Шунингдек, улар Ғарбнинг жанговар танклар ва бошқа жиҳозларни етказиб бериш таклифи яқинда жанг майдонидаги вазиятни ўзгартиришига ишонч билдирди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Сунак НАТО иттифоқчилари нафақат қисқа муддатда тинчликни қандай таъминлаш ҳақида, балки Украинанинг мудофаа қобилиятини узоқ муддатли мустаҳкамлаш ҳақида ҳам ўйлашлари кераклигини таъкидлаган.
Учрашувда икки давлат ҳукумат раҳбарлари ҳам НАТОни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилишини қўллаб-қувватлашларини яна бир бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Германиянинг Мюнхен шаҳрида 59-хавфсизлик конференцияси бўлиб ўтмоқда. Украинадаги уруш форумнинг асосий мавзуси бўлиб турибди. Тадбирда АҚШ томонидан вице-президент Камала Харрис ва Давлат котиби Энтони Блинкен, Хитой тарафдан Коммунистик партия марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И, Германия канцлери Олаф Шольц ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак каби дунё лидерлари иштирок этмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси