Сўкишни жуда хоҳладим – Ўзбекистонга келган сайёҳ UzIMEI деб сарсон бўлганини айтди

Жамият 17578
image

Россиялик дастурчи Евгений Амирасланов Ўзбекистонга узоқ муддатга келган сайёҳлар учун мобил телефонни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жуда қийинлигини айтиб, ушбу тизимни қоралади. Бу ҳақда у ўз блогида айтиб ўтган. 

Амираслановга кўра, ўзбекистонликлар учун телефонни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш бир мунча қулай, бироқ ушбу тизим туфайли сайёҳлар сарсон бўлмоқда. 

"Ўзбекистонда IMEI рўйхатга олиш тизими мавжуд. Агар сиз чет элдан телефон олиб кирсангиз 5 доллар тўлашингиз керак, акс ҳолда бир ойдан кейин телефонингиз қовоққа айланиб қолади ва унда қўнғироқ қилиш, мобил Интернет ва SMS'дан фойдалана олмайсиз. Айтилишича, бу телефонларнинг қора бозорига қарши курашиш – ўғирланган, сохта товарларни камроқ олиб келиниши учун қилинган.

Ўзбекистонликлар учун ҳамма нарса осон ва шаффоф тарзда амалга оширилади: мамлакатга келасиз, махсус USSD кодни киритасиз, маълумотларингизни юборасиз, тўловни тўлайсиз, ва сиз телефонни рўйхатдан ўтказган бўласиз, ундан фойдаланишингиз мумкин. Ва буларнинг барчаси дивандан турмасдан қилинади. Бу сайёҳлар учун ҳам осон: Ўзбекистонда бир ойдан камроқ вақт қолсангиз, телефонингиз билан ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Мен каби узоқ муддатли ташриф буюрувчилар учун ишлар бироз мураккаброқ. Сиз дивандан туришингиз, шахсан бирор жойга бориб, мурожаат қилишингиз керак.

UzIMEI веб-сайтида буни исталган почта бўлимида амалга ошириш мумкинлиги айтилган. Мен уйимга энг яқин бўлган почта бўлимига бордим, лекин улар менга офисларида ҳеч қандай рўйхатга олиш йўқлигини [Бош] почтамтга боришим кераклигини айтишди. 

"Яндекс Хариталари" маълумотларига кўра, почта бўлими фақат иш кунларида соат 9:00 дан 18:00 гача ишлайди, яъни менинг иш вақтимда. Мен иш кунимнинг ўртасидан бир неча соат бўш вақт ажратишим, кейин кўпроқ ишлашим керак бўлди.

Почтамтга икки марта боришимга тўғри келди. Биринчи марта борганимда, UzIMEI тизимидаги қандайдир носозлик сабаб аризалар қабул қилинмаётганини афсус билан маълум қилишди. UzIMEI’нинг бош офисига боришим мумкинлигини, лекин у ерда навбат узунлиги, яхшиси, бир неча кундан кейин келишимни айтишди.

Иккинчи марта келганимда, Почтамтнинг ўзида рўйхатдан ўтиш учун узун навбат бор эди. Қирқ дақиқага яқин навбатда турдим ва ниҳоят ариза бердим. Айтганча, Ўзбекистонда IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш учун сизга маҳаллий SIM карта керак бўлади. Яхшиямки, менда ўзбек SIM картаси бор эди. Афсуски, уни рўйхатдан ўтказиш пайтида маълумотларда хатолик бўлгани сабаб мен IMEI’ни рўйхатдан ўтказолмадим. Улар менга мобил операторимнинг офисига боришимни ва паспорт маълумотларимни янгилаб беришларини сўрашимни айтишди.

Мен лайфхакдан фойдаландим: бошқа уяли алоқа операторининг офисига бордим ва у ерда маълумотларимнинг тўғрилигини икки марта текшириб, янги SIM-карта олдим. Шундан сўнг яна йигирма дақиқа навбатда турдим ва ниҳоят IMEI’ни рўйхатдан ўтказдим.

Таксида юриш ва сарфланган асаб толаларимни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси учун тахминан 5 доллар ва уч соатлик иш вақтим кетди.

IMEI'ни фақат ўзим рўйхатдан ўтказмадим. Мен билан Ўзбекистонга иккита – шахсий ва иш телефонларини олиб келган дўстим ҳам бор эди. Лекин Ўзбекистонга ҳар бир киришда фақат битта телефонни рўйхатдан ўтказиш мумкин экан. Якунда у албатта, шахсий телефонини рўйхатдан ўтказди, иш телефони эса “ҳар эҳтимолга қарши” режимида қолди.

Қанчадир вақт ўтиб телефоним ишдан чиқди ва уни таъмирлашга бердим. Шунда “ҳар эҳтимолга қарши”ни ишлатиш вақти келди: телефоним таъмирдалигида дўстим менга ўша иш телефонини фойдаланиб туриш учун берди. У телефонга SIM-карта солинмаган ва у блокировка бўлмаган бўлиши керак эди. Шунингдек, менда чегарадан ҳозир олиб ўтилгани каби 30 кунда давомида IMEI'дан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш имкони бўлиши керак эди.

У ишламади. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳудудида ўттиз кундан сўнг телефон ишлатилмаса ҳам блокланади – афтидан, бу SIM-картамни бошқа телефонда бир ойдан ортиқ ишлатганим учун бўлса керак.

Бундан ҳеч қандай хулоса қилмайман. Сўзим охирида сўкишни жуда хоҳладим, лекин сўкмайман”, деб сўзларини якунлаган Евгений.

Бундан ташқари, россиялик дастурчи Ўзбекистонда UzIMEI тизимининг ўзига хослиги ва унга алоқадор фикрлар йиғиб бориладиган канал учун ҳавола қолдирган.

Маълумот ўрнида, республика худудида мобил қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 778-сон қарорига мувофиқ жорий қилинганди. Шунингдек, мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтган-ўтмаганини текшириш uzimei.uz сайти орқали амалга оширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагараж ҳам ўзбекистонликлар учун ортиқча харажат ва мураккабликлар туғдираётган UzIMEI ҳақида фикр билдириб, уни тушунарсиз бюрократик тизим бўлиб, Ўзбекистонни олдинга эмас, балки орқага тортаётган сиёсатлардан бирилигини айтиб ўтганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 408
Рейтинг: 3.1
t
×