Сурхондарёда “замҳоким”нинг укаси хотинини ўлдириб, мурдасини икки “Камаз” тупроққа бостиргани айтилмоқда
3-саҳифа
−
07 Март
19125Сурхондарё вилоятида 34 ёшли аёл эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Сурхондарё вилояти Бандихон тумани Обикор маҳалласида яшовчи фуқаро 1990 йилда туғилган қизи, 3 нафар фарзанднинг онаси Т.Ф.нинг фожиали ўлими ҳақида ёзиб, “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган.
Унинг ёзишича, жорий йилнинг 6 февраль куни қизи Т.Ф. тўсатдан йўқолиб қолган ва шу йилнинг 1 март куни унинг жасади Бойсун тумани Дашттиғоз маҳалласи яқинидаги жарликдан топилган. Отанинг таъкидлашича, қизи чуқурликка кўмилган ва устидан икки “Камаз” тупроқ тортилган.
Марҳуманинг эри А.Қ. қотилликни бўйнига олган. У Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан одам ўлдиришда айбланмоқда.
Маълум бўлишича, айбланувчининг акаси Алишер Амиров Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлайди. Айтилишича, Амиров келинининг ўлимидан кўп ўтмай, мурожаатчининг маҳалласига келиб, у ерда йўлларга тош ва асфальт ётқизиш ишларини бошлашга киришган. Фарзандидан айрилган ота эса укаси одам ўлдирган бу амалдорнинг “ҳотамтой”лигини кўнглига қаттиқ олиб, шунча вақтдан бери асфальт кўрмаган қишлоқ аслича қолаверсин, деб йўлсозларни қувиб солган.
Шунингдек, марҳуманинг отаси қудаси у билан қасдлашгани, бир неча марта унга ўлдириш билан таҳдид қилгани, қизининг ўлими бутун бошли оила томонидан уюштирилганини иддао қилган.
Маълумот учун, Алишер Амиров 2023 йилнинг октябрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида профилактика инспекторлари қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганини кўра-била туриб, ҳеч қаерга маълум қилмасдан, жиноятни яширгани аниқланганди.
LiveБарчаси