Судандаги 14 ойлик урушда 61 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
14:48
1008Судан урушининг дастлабки 14 ойида Хартумда 61 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Британия ва Судан тадқиқотчиларининг янги ҳисоботига асосланиб, “Reuters” хабар берди.
Лондондаги Гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг Судан тадқиқот гуруҳи билан ўтказган кузатувларига кўра, 26 мингга яқин одам зўравонлик оқибатида ҳалок бўлган ва бу айни пайтда БМТ томонидан қўлланаётган кўрсаткичдан кўп.
Суданда ўлимнинг энг кенг тарқалган сабаблари – очлик ва касалликдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, можаро 11 миллион одамни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилган ва дунёдаги энг даҳшатли очарчиликка сабаб бўлган, деярли 25 миллион киши, яъни Судан аҳолисининг ярми ёрдамга муҳтож.
Хартумдаги барча сабабларга кўра, ўлимнинг тахминий даражаси 2023 йил апрель ойида армия ва ҳарбийлаштирилган тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари ўртасидаги можаро бошланишидан олдин ўртача миллий кўрсаткичдан 50 фоиз юқори эди. Аммо ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини ҳисоблаш қийин, чунки ҳатто тинчлик даврида ҳам Суданда кўплаб ўлимлар ҳақида хабар берилмайди. Жанглар кучайгани сари одамлар ўлимлар қайд этилган жойлардан, жумладан, касалхона, ўликхона ва қабристонлардан узилиб қолди. Интернет хизматлари ва телекоммуникациялардаги доимий узилишлар миллионлаб одамларни ташқи дунё билан алоқа қила олмаслигига олиб келди.
Тадқиқотчилар камида иккита мустақил манбадан олинган маълумотлардан фойдаланганлар. Улар ўлганларнинг учта рўйхатини тузган. Улардан бири 2023 йилнинг ноябридан 2024 йилнинг июнига қадар ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган оммавий сўровномага асосланган. Иккинчиси сўровномани ўз тармоқларида хусусий равишда тарқатиш учун жамоат фаоллари ва бошқа “тадқиқот элчилари”дан фойдаланган. Учинчиси эса ижтимоий тармоқларда эълон қилинган некрологлардан тузилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар мамлакатнинг бошқа қисмларида ўлим даражасини баҳолаш ёки уруш билан боғлиқ бўлган ўлимлар сонининг умумий миқдорини аниқлаш учун етарли маълумотга эга эмас.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5565 нафарни ташкил этганини айтган.
2021 йил октябрдаги давлат тўнтаришидан бери Судан генераллар кенгаши томонидан бошқарилади ва 2023 йилдаги ҳокимият учун курашда генерал ва амалдаги Президент Абдул Фаттох ал-Бурхон бошчилигидаги армия ва Rapid номли ҳарбийлаштирилган гуруҳ ўртасида можаро келиб чиқди. Улар фуқаролик бошқарувига ўтиш таклифи бўйича келиша олмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суданда 130 аёл жинсий тажовуздан қочиш учун ўз жонига қасд қилгани, уларнинг кўпчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айбланаётгани ҳақида хабар берилганди.