Суданда 87 кишининг оммавий қабри топилди
Олам
−
13 Июль 2023
4312Суданнинг Ғарбий Дарфур минтақасидан камида 87 кишининг жасади кўмилган оммавий қабр топилди. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, вилоят аҳолиси ўлганларнинг жасадларини утилизация қилишга мажбур бўлган. Жасадлар қабристонлардан бирига кўмилиш ўрнига Эл-Женеина шаҳри яқинидаги очиқ майдонга дафн қилинган. Қурбонлар орасида жорий йилнинг 13-21 июнь кунлари Ал-Жунайн шаҳрида ўлдирилган маҳаллий масалит қабиласи аъзолари борлиги айтилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозиргача Судандаги можаролар камида 1800 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва минглаб одамлар яраланган. 350 000 га яқин суданлик мамлакатни тарк этган, бир миллионга яқин киши эса ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. БМТ Шарқий Африкада гуманитар инқироз юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирган. Давом этаётган қуролли тўқнашувлар сабабли мамлакатдан кўплаб чет эл фуқаролари, хусусан, ўзбекистонликлар ҳам Саудия Арабистонининг ёрдами билан эвакуация қилинган.
Суданда армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги тўқнашув
Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.
Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтган.
Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, Тезкор қўллаб-қувватловчи кучларнинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини таъкидлаган.
Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.
Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ҳамда ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.
LiveБарчаси