“Straus House” иши: тергов юзасидан эксклюзив видеоинтервью

Интервью

Ёдингизда бўлса, ижтимоий тармоқларда “Straus House” иши катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Жорий йилнинг сентябрь ойида унинг раҳбарларига нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши очилиб, МЧЖ таъсисчиси Иброхим Исроилов қамоққа олинганди. 

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Адҳамжон Абдуллаев QALAMPIR.UZ сайтига эксклюзив интервью берди.

Жиноят иши 2019 йил 25 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “Straus House” МЧЖ таъсисчиси И.Р.Исроилов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган.

Тергов жараёнида аниқланишича, “Straus House” МЧЖ мансабдор шахслари Республиканинг барча вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахсларга Жанубий Африка Республикасидан ҳар бирининг нархи 1.800.000 сўмдан, 90 кун муддат ичида “острич” (қора бўйин) зотли туяқуш жўжаларини етказиб бериш юзасидан олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришган.

Етказиб берилган туяқуш жўжаларини 12 ойдан сўнг, тирик вазнини 80.000-90.000 сўмдан шартнома асосида қайтариб сотиб олиш ва ушбу жараёнда бепул ветеринарлик хизматини кўрсатиш юзасидан ваъдалар беришган. 2019 йилнинг январь-июнь ойлари давомида жами 731 нафар жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар расмийлаштиришган. 

Шартнома шартларига кўра, жами 16.1 млрд. сўм (шу жумладан 3,8 млрд. сўм фуқароларнинг кредит маблағлари ҳисобидан) миқдорида тўловларни жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақами орқали қабул қилиб, белгиланган муддатда жами 319 нафар жисмоний ва юридик шахсларга туяқуш жўжаларини етказиб бермасдан 7.2 млрд сўм пул маблағларини ўзларининг эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

2019 йил август ойига қадар “Straus House” МЧЖ ҳисоб рақамига туяқуш жўжалари учун жами 13,6 млрд. сўм миқдорда пул маблағлари кирим қилиниб, қуйидаги тартибда тақсимланган:

  • 543,8 млн. сўм миқдоридаги пуллар туяқуш озуқаси сотиб олиш учун; 
  • 5,6 млрд. сўм миқдоридаги пуллар молиявий қарзлар учун; 
  • 5,2 млрд. сўм миқдоридаги пуллар туяқуш жўжалари учун; 
  • 299,9 млн. сўм миқдоридаги пуллар жамият фаолиятини оммавий ахборот воситаларида реклама қилиш учун; 
  • 296,1 млн. сўм миқдоридаги пуллар жамиятга автомашина сотиб олиш учун (2 дона “Жентра” 1 дона “Спарк” русумли автомашиналар); 
  • 302,5 млн. сўм миқдоридаги пуллар жамиятнинг корпоратив пластик картасини тўлдириш учун; 
  • 226,5. млн сўм миқдоридаги пуллар хизмат сафарлари ҳаражатлари учун сарфланган.

Бундан ташқари, Исроилов томонидан молиявий ёрдам кўринишида олинган ўзининг шахсий пластик карточкасига кўчириб олган 3.7 млрд. сўм миқдоридаги пул маблағларидан 745 млн. сўм қисми илгари содир қилган фирибгарлик жинояти бўйича моддий зарарни қоплаш учун, қолган пуллар эвазига онаси номига “Ласетти” русумли, тоғаси номига 1 дона “Малибу 2” русумли, 1 дона “Ласетти” русумли автомашиналар сотиб олиш, ўзи яшаб турган уйини қайта таъмирлаш, ўзи яшаб турган маҳаллада 700 метр йўлга асфальт ётқизиш, оилавий Туркия, Тайланд давлатида дам олиш ҳамда “Умра” сафарларига бориш учун сарфланганлиги аниқланди.

“Straus House” МЧЖ ҳисоб рақамидан туяқуш жўжаларини сотиб олиш учун импорт шартномасига асосан Покистон Ислом Республикасига ўтказилган 200.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини Тергов департаментининг депозит ҳисоб рақамига қайтариш юзасидан Покистон Ислом Республикасининг компанияси раҳбари билан алоқа ўрнатилиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига сўровномалар юборилган.

Ҳозирда 200.000 АҚШ доллар пул маблағлари Покистон Ислом Республикасидан қайтариб олиниб, Тергов департаментининг ҳисоб рақамига ўтказилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судда кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг