Стармер Украинага Британия ракеталари билан Россияга ҳужум қилишга рухсат берди

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Украина томонидан Россиядаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишини истисно қилмади.  Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Стармернинг таъкидлашича, ракеталар “халқаро гуманитар қонунларга мувофиқ аниқ қўлланилиши керак”.

“Аммо Украина улардан мудофаа мақсадларида қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилиши керак”, дейди Британия Бош вазири.

Storm Shadow 250 километрдан ортиқ масофага уча оладиган ракета бўлиб, Буюк Британия ва Франция томонидан ишлаб чиқилган.

Маълумот учун, май ойи бошида ўша пайтдаги  Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Украина ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Россияга зарба бериш учун Лондон томонидан етказиб берилган қуроллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини айтганди. Шундан сўнг яна тўққизта давлат Киевга ўз ҳарбий юклари бўйича худди шундай розилик берди. Хусусан, бу Франция, Нидерландия, Польша, Швеция, Финляндия, Чехия, Литва, Латвия ва Эстония томонидан амалга оширилди. Кейин Қўшма Штатлар бу масала бўйича ўз позициясини ўзгартириб, рухсат фақат Россия чегара ҳудудларидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун берилишини белгилаб қўйди.

Украина Россиянинг чуқур қисмидаги ҳарбий нишонларга Америка қуроллари билан ҳужум қила олиш учун ушбу чекловларни олиб ташлашни талаб қилишда давом этмоқда. Бу 9 июль куни Вашингтонда бошланган НАТО саммитида муҳокама қилинадиган асосий масалалардан биридир. Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам АҚШни Украина Қуролли кучларига Россия ҳудудидаги ҳарбий самолётларга ҳужум қилишига рухсат беришга чақирди.

Ҳозирча Қўшма Штатлар Киевнинг қуроллардан фойдаланишига қўйилган барча чекловларни олиб ташлашга қаршилик кўрсатмоқда. Президент Жо Байден маъмурияти бу Россия билан муносабатлар кескинлашувининг олдини олиш мақсадида қилинаётганини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Буюк Британия Украина Стармер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made