Спортчиларнинг имтиёзлари чекланиб, адолат тикланяптими? Вазир ўринбосари жавоб берди
Жамият
−
12 Июль 2021
5555QALAMPIR.UZ мухбири томонидан АОКАдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон чемпионатида совриндор бўлиб, олий ўқув юртига қабул қилинган спортчилар сабаблигина таълим сифати пасайиб кетаётгани, имтиёзлар белгиланаётган пайтда тенглик принципларига амал қилинмаётгани ҳамда нима учун маҳаллий мусобақаларда иккинчи ва учинчи ўринни олган спортчиларнинг сертификатлари ОТМ имтиҳонлари бошланишига яқин бекор қилинганлиги тўғрисидаги саволларига Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов жавоб қайтарди.
Унинг айтишича, “қабул параметри тўғрисида”ги қарорда айтилганидек, спортчилар барча йўналишларга эмас, белгиланган соҳаларгагина имтиёз асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Улар Туризм ва спорт вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинади ва спортга яқин бўлган йўналишлар белгиланади. Ўзбекистон чемпионати ғолибларига берилган имтиёзлар жисмоний маданият ва спорт мутахассисликлари учунгина амал қилади. Бу улар учун яхши имконият, чунки спортчилар ўз йўналишлари бўйича мутахассис ҳисобланади, қолганларида бироз имкониятлар чекланади ва бу адолатли қарор бўлган.
Вазир ўринбосари сўзини давом эттирар экан: “имтиёзлар масаласи босқичма-босқич кўриб чиқиляпти. Барчасини бирданига ўзгартириб бўлмайди. Аслида эса адолат тикланяпти. Минглаб абитуриентлар ўртасида сўровнома ўтказилса, уларнинг 99 фоизи бу ҳолатга ижобий баҳо беради. Барча имтиёзлар аста-секин ўз жойига келади. Ҳарбий имтиёзлар ҳам соҳага бўлган қизиқиш пасайиб қолгани сабабли ёшларни жалб қилиш учун пайдо бўлган эди. Имтиёзларнинг барчаси тартибга солинади”, дея таъкидлади.
Спортчиларнинг барчаси ўз мутахассислиги бўйича имтиҳон топширса, қийинчиликсиз, талаб бўлиши мумкинлигини айтиб ўз фикрини якунлади.
“Имтиёзлар масаласи анчадан буён муҳокама қилиб келинади. Олий таълимга оид қарорлар асосан май-июнь ойларида қабул қилинади. Ўзбекистон чемпионатида фақат биринчи ўринни эгаллаган спортчиларга имтиёзлар бор, икки ва учинчи ўринни олганларга нисбатан бекор қилинган. Улар ўзи спортчилар бўлишса, ўз соҳалари бўйича ҳужжат топширсалар, тўсқинликсиз ўқишга кира олишади. Ҳар ерда имтиёзга ёпишиб олиш тўғри эмас”.
LiveБарчаси