Протеин ва гейнерларсиз ҳам танани мукаммал ҳолатга келтириш мумкинми?

Спорт

image

Спорт озуқалари, яъни протеин коктейллари, гейнерлар, аминокислоталар, креатин ва бошқалар спортчилар ва фаол турмуш тарзи олиб борувчилар орасида жуда оммалашган. Улар мушак массасини ошириш, куч-қувватни йўқотмаслик ва тез тикланишга ёрдам беради. Бироқ уларнинг фойдаси билан бирга баъзи зарарли томонлари ҳам бор. QALAMPIR.UZ қуйида спорт озуқаларининг эҳтимолий хавфлари ҳақида маълумот беради.

Ҳазм тизимига салбий таъсир

Кўплаб спорт озуқалари ҳазм тизимига оғирлик қилади. Хусусан, ортиқча протеин истеъмол қилиш ошқозон оғриғи, ич қотиши ёки ич кетишига сабаб бўлиши мумкин. Организм кўп миқдордаги протеинни ҳазм қилиш учун қийинчиликка учраши мумкин, бу эса буйракларга ортиқча юк тушишига олиб келади.

Буйрак ва жигарга салбий таъсир

Юқори дозада протеин ва креатин истеъмол қилиш буйрак ва жигар фаолиятини бузиши мумкин. Бу айниқса, аллақачон буйрак ёки жигар муаммоларига эга бўлган инсонлар учун хавфли. Креатин сувни ушлаб қолиши туфайли қон босими ошиши ва буйракларнинг зўриқишига олиб келиши мумкин.

Гормонал мувозанатга таъсир

Баъзи озуқалар, хусусан, тестостеронга таъсир қилувчи спорт қўшимчалари организмнинг табиий гормонал мувозанатига салбий таъсир этиши мумкин. Бу эркакларда гормонал муаммолар, акне, яъни юздаги тошмалар, ҳаддан ташқари асабийлик ёки кайфият ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Юрак-қон томир тизимига таъсир

Баъзи спорт озуқалари, айниқса, энергетик ичимликлар ва стимуляторлар, масалан, кофеин ва бошқалар юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Улар юрак уриши тезлашиши, қон босими ошиши ва ҳатто инфаркт хавфини ошириши мумкин.

Қўшимча моддалар ва синтетик қўшимчалар хавфи

Кўплаб спорт озуқаларининг таркибида турли қўшимчалар, шу жумладан синтетик моддалар ва консервантлар бўлиши мумкин. Улар организмда аллергик реакциялар, ошқозон-ичак муаммолари ва бошқа нохуш таъсирларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Психологик боғлиқлик

Айрим одамлар спорт озуқаларига психологик жиҳатдан боғланиб қолиши мумкин. Қўшимча озуқалар спорт натижаларига таъсир қиладиган ягона омил сифатида кўрилади ва бу табиий овқатланишни иккинчи даражали деб ҳисоблашга олиб келади.

Бу борада мутахассислар нима дейди?

Нутриционист доктор Майкл Грегер баъзи спорт озуқаларидаги юқори қанд ва кофеин миқдори юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг тавсиясига кўра, бундай маҳсулотларнинг назоратсиз истеъмоли соғликдаги муаммоларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, яна бир нутриционист доктор Микаэла Спарроу қўшимча спорт озуқалари, протеин, кофеин ва аминокислота кабиларни истеъмол қилиш, ҳазм қилиш тизимининг бузилиши, озуқа моддаларининг мувозанати бузилиши, асаб тизимидаги жиддий муаммоларга олиб келади. Юқорида санаб ўтилган қўшимча озуқаларни меъёридан ортиқ истеъмол қилишнинг оқибати эса саратон билан якунланиши ҳақида огоҳлантириб ўтган.

Протеин, гейнер ва аминокислоталар каби спорт озуқаларисиз ҳам танани мукаммал ҳолатга келтириш мумкинми?

Дунёга машҳур диетолог ва реабилитологлар, шунингдек, фитнес ва бодибилдинг билан шуғулланувчи спортчилар протеин, гейнер ва аминокислоталар каби нотабиий қўшимчаларсиз ҳам танани мукаммал ҳолатга келтириш мумкинлиги борасида қуйидаги тавсияларни беради.

Табиий озиқ-овқат таркиби

Танангизга керакли барча озуқа моддаларини табиий озиқ-овқат манбаларидан олишингиз мумкин:

  • Протеин манбалари: Гўшт (товуқ, мол, қўй), балиқ, тухум, сут маҳсулотлари, қуруқ мевалар (майиз, кунжут, бодом, грек ёнғоғи).
  • Углевод манбалари: Қора нон, гречка, қора биринч, мева ва сабзавотлар.
  • Ёғ манбалари: Авокадо, зайтун ёғи, ёнғоқлар, балиқ ёғи.

Тўғри машғулот режими

Қўшимча маҳсулотларсиз ҳам яхши натижага эришиш учун машғулотлар режасини тўғри тузиш керак:

  • Куч машғулотлари (тяжёлая атлетика, бодибилдинг) – мушак массасини шакллантириш учун.
  • Кардио машғулотлар (югуриш, велоспорт, сузиш) – ёғларни йўқотиш ва юрак-қон томир саломатлигини яхшилаш учун.
  • Мувозанатли машғулотлар – йога, стретчинг каби машқлар танани умумий мустаҳкамлаш учун.

Тўғри уйқу режими ва тикланиш

  • Уйқу – 7-9 соат бўлиши шарт.
  • Қайта тикланиш – ҳафтасига камида 1-2 кун дам олиш керак.
  • Стрессни камайтириш – чунки стресс кортизол (мушакларни парчаловчи гормон)ни кўпайтириб юборади.

Гидратизация (Сув ичиш)

Тананинг яхши ҳолатда бўлиши учун кунлик 2-3 литр сув ичиш муҳим.

Табиий энергия манбалари

  • Қаҳва ёки табиий кўк чой – машғулотдан олдин энергия учун.
  • Табиий антиоксидантлар – кўкатлар, лимон, зираворлар, имбир.

Протеин, гейнер ва аминокислоталарсиз ҳам идеал тана шаклига эришиш мумкин. Бунинг учун баланслаштирилган овқатланиш, тўғри машғулот режаси ва етарлича дам олиш керак. Қўшимчалар бу шунчаки қўшимча ёрдамчи восита, асосий натижани эса табиий усуллар билан ҳам қўлга киритиш мумкин.

Спорт озуқаларидан фойдаланишдан аввал шифокор ёки диетолог билан маслаҳатлашиш муҳим. Уларни меъёрда қабул қилиш, табиий овқат манбаларидан масалан, гўшт, тухум, сут маҳсулотлари зарур озуқавий моддаларни истеъмол қилишга уринган маъқул. Спорт озуқаларини тўғри ва хавфсиз истеъмол қилиш орқали инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Спорт озуқалари протеин коктейллари гейнерлар аминокислоталар фойдаси ва зарарли томонлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар