ЦСКА Файзуллаевни қанчага сотади?
Спорт
−
26 Апрель 6477 5 дақиқа
Футбол тарихидаги энг драматик финаллардан бирида иштирок этган ўзбекистонлик футболчилар, Осиё чемпионлари Тошкентга қайтди. Кутилганидек, Ўзбекистонда анъана тусига кирган ҳолат рўй берди, яъни чемпионлар қизил йўлакларда тантанали тарзда кутиб олинди, чемпионлар ҳамон ОАВ, ўз вилоят-у туманларида, мактабларида ва керак бўлса FIFA расмий саҳифаларида ҳам эътироф этилмоқда.
Шу ва бошқа мавзулар билан доимгидек QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
20 апрель куни Саудия Арабистонида ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги финали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мезбон саудиялик тенгқурларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг биринчи тайми, 40-дақиқасида Сарсенбаев ва 45-дақиқада Абдукаримовга қизил карточка кўрсатилди. 2 киши кам бўлиб қолган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўзини йўқотиб қўймади. 50-дақиқада Муҳаммад Ҳакимов Ўзбекистонни олдинга олиб чиқди. 70-дақиқада Садриддин Ҳасанов орадаги фарқни иккитага оширди. Ўйин якунига қадар ўзбекистонликлар дарвозабони Рустамжонов бир қанча сейв амалга ошириб, жамоасини голлардан қутқарди.
Шу тариқа, Ислом Исмоилов қўл остидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубоги чемпионига айланди.
Маълумот ўрнида, 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси иккинчи марта ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа якунларига кўра, “fair play” соврини мезбон Саудия Арабистони терма жамоасига насиб қилди. Энг яхши дарвозабон эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси посбони Неъматуллоҳ Рустамжонов бўлди. Турнир тўпурари Ўзбекистон вакили Асилбек Алиев ва турнирнинг энг яхши футболчиси деб, Садриддин Ҳасанов топилди.
Финалдан кейин жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов ва етакчи футболчилардан бири Садриддин Ҳасанов ҳаяжонли ва оғир финал ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган терма жамоа аъзоларини табриклади.
“Ўн етти ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Саудия Арабистони майдонларида бўлиб ўтган нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, юксак соврин – Осиё кубогини қўлга киритганингиз билан халқимиз номидан, ўз номимдан, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Сизлар каби навқирон, азм-у шижоатли ёшларимизнинг бутун турнир давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан, рекорд натижа кўрсатиб, жонажон Ватанимиз шарафини мардона ҳимоя қилганлари, ҳеч шубҳасиз, миллий футболимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган шонли воқеа, десак, тўғри бўлади.
Айниқса, финалда мусобақа мезбони – Саудия Арабистони каби ғоят кучли жамоага қарши кескин беллашувда турли босимларга қарамасдан, ўн бир ўйинчига қарши тўққиз футболчи шиддатли кураш олиб борганингиз чинакам жасорат ва матонат намунаси бўлди. Сизлар намоён этган юксак мардлик ва маҳорат ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Мусобақа якунига кўра, уч нафар истеъдодли ва моҳир спортчимиз якка тартибдаги совринлар эгаси бўлгани, жумладан, Неъматуллоҳ Рустамжонов – турнирнинг энг яхши дарвозабони, Асилбек Алиев – энг яхши тўпурари, Садриддин Ҳасанов – энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Эл-юртимиз сизларнинг тимсолингизда доимо олдинга интилиб яшайдиган, юксак марраларни забт этишга қодир Янги Ўзбекистон ёшларининг энг ёрқин вакилларини кўради ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланади.
Мамлакатимизда спортга, жумладан, футбол ривожига берилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий натижаси бўлган мана шундай тарихий ғалаба учун сизларга, сизларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналарингиз ва устоз-мураббийларингизга чин дилдан самимий миннатдорлик билдираман.
Сизлар ушбу ғалабадан руҳланиб, шу йил ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам Осиёнинг ғолиб жамоаси сифатида муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман”, дейилади Президент табригида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Футбол бўйича ўн етти ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Футболчи ва мураббийлар Тошкент шаҳрида тантанали кутиб олинганда мамлакат бош вазири ва спорт ҳукумати томонидан медаллар билан тақдирланди.
Президент Фармонига кўра, футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Муродбек ўғли Исмоилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган бўлса, барча футболчиларга “Келажак бунёдкори” медали топширилди.
Жамоа бош мураббийи Ислом Исмоиловга Президент совғаси Equinox автомобили, футболчиларга эса Cobalt автомобили калитлари топширилди.
Осиё чемпионларини кутиб олиш жараёнидан батафсил репортажни сиз QALAMPIR.UZ’ning YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзудан узоқлашмаймиз.
FIFA расмий саҳифаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида порлаган 6 нафар футболчи ҳақида мақола чоп этди.
Мазкур мақолада Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган терма жамоаларнинг 6 нафар футболчиси ва уларнинг натижалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу футболчилар ичида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳужумчиси, мусобақа тўпурари Асилбек Алиев ҳам бор.
“Асилбек Алиев. Ҳужумчи, 15 ёш. Бу ёш истеъдод Ўзбекистоннинг чемпионликни қўлга киритишидаги асосий омиллардан бири бўлди. Алиев чорак финалга қадар дастлабки 4 та ўйинда 5 та гол уришга муваффақ бўлди. 15 ёшидаёқ юқори ҳужумчилик инстинктни намойиш этди. Марказий Осиёнинг келажаги сифатида қаралаётган футболчи Саудия Арабистонида ўтган мусобақа тўпурари бўлди”, дейилади мақолада.
Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги финалида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг икки аъзоси Нурбек Сарсенбаев ва Миразиз Абдукаримов ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг дастлабки ўйинларини ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда ОФКда фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик мутахассис Алишер Никибмаев маълум қилди.
Никимбаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси аъзолари финалда олган қизил карточкалари Жаҳон чемпионатига таъсир қилиши мумкин. FIFA интизомий кодексига кўра, четлатилиш ортидан олинган дисквалификация кейинги мусобақага ўтказилади. Бу ҳолатда футболчилар Жаҳон чемпионатига қадар ўз ёш тоифасидаги бошқа мусобақада иштирок этмаса, дисквалификация мундиалдаги иштирокига таъсир қилади. Ўтказиб юборадиган ўйинлар сони ОФК тартиб-интизом қўмитаси томонидан белгиланиши керак.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси чемпионлик билан бирга Жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга киритди. Ушбу турнир жорий йилнинг 3 ноябридан 27 ноябрига қадар Қатар майдонларида ўтказилади.
Live
Барчаси