Спикер ўринбосари журналист ва блогерларни хавотирга қўйган қонун лойиҳасига муносабат билдирди
Жамият
−
26 Февраль 2021
3991Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Ахборотлаштириш тўғрисидаги қонуни) Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича журналист ва блогерларнинг ҳадик-хавотирли чиқишларига муносабат билдирди.
Унга кўр, депутатлар мазкур қонун ташаббускорлари фикрини эшитган ва концептуал жиҳатдан шундай қонун қабул қилишга зарурат бор, деган тўхтамга келинган, яъни биринчи ўқишда қабул қилинган, лойиҳа устидаги муҳокамалар энди бошланган.
“Мазкур қонун лойиҳасида ёлғонга қарши курашиш, сўз эркинлигини ҳурмат қилиш, турли санкцияланмаган даъватларнинг олдини олиш ва жамоатчиликка тарқатилаётган ахборотга нисбатан масъулиятли бўлишга чорлов бор, холос. Ният шу экани очиқ-ойдин ҳақиқатдир.
Журналист ва блогерларнинг қонун лойиҳасига, фикрнинг мазмуни ва хулосалар турфалигидан қатъи назар, жўшқинлик билан муносабат билдиргани, муҳокамалар бўлаётгани яхши. Қонунчилик палатаси, ҳусусан, қонун ташаббускорлари бу таклиф ва мулоҳазаларни, албатта, атрофлича кўриб чиқади, кейинги ўқишларда барча жиҳатлар муҳокама қилинади”, дейилади ахборотда.
Тожиевнинг қўшимча қилишича, яқин орада парламентнинг оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш масаласида давра суҳбати ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Миллий тикланиш” ва “Адолат” партияларининг Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид ҳужжат лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганди. Унга кўра, оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шундан сўнг, “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти ушбу ҳолат юзасидан хавотирли баёнот берди.
Шунингдек, Пандемия фонида сўз эркинлигини “бўғган” давлатлар эълон қилинди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам қайд этиб ўтилди.
LiveБарчаси