Совуқ қотиш навбати Европагами? “Кўҳна қитъа”да газ нархи “осмонга чиқди”
Олам
−
21 Декабрь 2021
10524Тарихда биринчи маротаба Европада газ етказиб бериш бўйича январь фючерслари нархи ҳар минг куб метр учун 2 000 доллардан ошди. Бу ҳақда Лондон ICE биржаси маълум қилди.
Бугун, 21 декабрь куни савдо сессияси 1800 доллардан очилди, кейин кун давомида тебранишлар кузатилди ва Тошкент вақти билан соат 16:53да нарх 2004 долларга етди. Бу бир кун олдинги ҳисоб-китобдан (1716,7 доллар) 16,7 фоизга юқори.
Айтиш жоизки, жорий йил баҳорнинг иккинчи ярмидан бери газ нархи аста-секин ўсиб келмоқда, аммо кузнинг бошида нарх рекорд даражага кўтарилди. Кейинчалик эса бозорларда нархлар пасайиб кетди.
Мутахассислар нархларнинг ўзгариб туришини бир қанча омиллар таъсири билан изоҳладилар: Европа ер ости омборларининг паст бандлик даражаси, йирик етказиб берувчилар томонидан таклифнинг камайиши ва Осиёда суюлтирилган газга юқори талаб.
Қайд этилишича, кузда “Шимолий оқим 2” қурилиши якунлангани ҳам маълум бўлди, бироқ қувур операторини сертификатлаш кечикмоқда. Бу ҳам шартномаларга таъсир қилади.